Қонунга кўра, алимент ундириш бўйича қандай янги нормалар белгиланди?
ОНЛАЙН
Ялпи мажлисда “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини муҳокама қилинди.
Қонун билан кўплаб муаммоларга сабаб бўлаётган алимент ундириш масаласида ҳам янги нормалар белгиланяпти. Яъни ўн тўрт ёшга тўлган бола ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан, ёки бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли бўлади. Бу норма ота ва онанинг биргаликдаги масъулиятини оширишга хизмат қилади. Оилалардаги ажримларни камайтиришга ҳисса қўшади.
Янги қонунга мувофиқ қарор қабул қилишга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгаришга кўра вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли.
Давлат органлари, ташкилотлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг мурожаатларини кўриб чиқиш унинг қонуний вакиллари, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органлари иштирокида амалга оширилиши мумкин. Вояга етмаган шахслар тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли уларнинг мурожаатларини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига ҳам тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Бунга кўра вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.