Қонун лойиҳалари кўриб чиқилди
Бугунги кунда ДНК маълумотлари, яъни геном ахбороти маълумотлар базаси бошқа илмий изланишларда қўлланилиши баробарида жиноятчиликка қарши курашишда ҳам самарали воситага айланиб бормоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилди. Дастлаб, “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Бугунги кунда ДНК маълумотлари, яъни геном ахбороти маълумотлар базаси бошқа илмий изланишларда қўлланилиши баробарида жиноятчиликка қарши курашишда ҳам самарали воситага айланиб бормоқда. Илғор технологияларга асосланган мазкур маълумотлар жиноятларни фош этишда юқори самара келтиради.
Мажлисда депутатлар томонидан таъкидланганидек, геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни очиш механизмининг жорий этилиши фош этиш мураккаб, ўта оғир бўлган ёки муқаддам очилмаган жиноятларни очишга кўмаклашади, шунингдек, геном ахборотининг ягона маълумотлар базаси яратилиши бедарак йўқолган шахсларни топиш имконини ҳам беради.
Парламент қуйи палатасининг аввалги мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинган қонун лойиҳасининг айрим моддалари, хусусан, қонун қабул қилинганидан сўнг унинг кучга кириши муддати, биологик қариндошлар ва геном бўйича давлат рўйхатига олиш тушунчалари депутатларнинг асосли саволларига сабаб бўлган эди.
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан сиёсий партиялар фракциялари аъзолари билдирган таклифлар асосида қонун лойиҳаси янада маромига етказилди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юбориладиган бўлди.
Депутатлар, жиноят процессига жиноят иши бўйича дастлабки эшитув институтини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳаси юзасидан Олий суд раисининг ўринбосари И.Муслимов ва масъул қўмита аъзоларининг маърузалари эшитилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг баҳслаша олиш тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этиш белгиланяпти.
Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув институтининг жорий этилиши судга келиб тушган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида тарафларнинг иштирок этишига хизмат қилади. Бугунги кунда ушбу босқичда тарафлар иштироки чеклангани сабабли мазкур жараёнда ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалаларни судья якка тартибда ҳал этишга мажбур.
Оқибатда, судья чекланган маълумотга эга бўлганлиги учун бундай масалалар ҳал этилмасдан қолади ва асосий босқич – умумий суд мажлисига барча иштирокчилар чақирилиб, фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келади. Қонун лойиҳаси билан бу каби муаммолар бартараф этиляпти.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жиноят ишини умумий асосларда кўришга монелик қилаётган сабабларни тезкор бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишуви принципга сўзсиз риоя этилишига, суд муҳокамаси чоғида фақат мақбул далиллардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда жиноят процессида шахснинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга ва унинг олдида белгиланган вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Халқ вакиллари қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш, қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2682-моддасига асосан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан амалга оширилиб келинган. Лекин бу ўзгаришлар кутилган натижани бермади.
Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати бериляпти.
Бу ўз навбатида, шаҳарсозлик соҳасидаги қонун бузилишларига йўл қўйган фуқаролар ва мансабдор шахсларга ўз вақтида чора кўрилиши орқали қурилиш сифатининг ошишига, маъмурий ишлар бўйича судларда кўриладиган ишлар ҳажмининг камайишига эришилади.