Онлайн таълимга талабалар тайёрми...
Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидов билан суҳбатимиз ҳам шу ҳақда бўлди.
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин шароитида таълим муассасалари, жумладан, олий ўқув юртлари вақтинча ёпилган бўлса-да, талабалар учун таълим жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Уларда АКТлар асосида таълим масофавий усулда олиб борилмоқда.
Бухоро давлат университети ректори, профессор Обиджон Ҳамидов билан суҳбатимиз ҳам шу ҳақда бўлди.
–Олий таълим тизимида, хусусан, кундузги таълимда масофавий ўқитишда етарли тажриба йўқ. Шу жиҳатдан олиб қараганда, университетда бу муаммо ечими қандай бўлмоқда?
–Аввало шуни таъкидлаш керак, интернет маълумотларига таянадиган бўлсак, жаҳонннинг турли олий ўқув юртларида коронавирус пандемияси хуружи даврида турлича йўл тутиляпти. Айтайлик, баъзилари бир неча ҳафтага ёки семестр охиригача онлайн ўқитиш режимига ўтаётган бўлса, айримлари ўз фаолиятида вақтинчалик танаффус эълон қиляпти. Бошқалари эса талабаларни тўлиқ масофавий ўқитишга ўтган.
Мамлакатимизда олий таълим тизимида онлайн ва масофавий ўқитиш махсус сиртқи таълим шаклида ҳамда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида қўлланилаётганлигига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шу нуқтаи назардан, таъкидлаганингиздек, бизда бу борада катта тажриба тўпланган, деб бўлмайди. Шунга қарамай, республикамиз олий таълим муассасалари, жумладан, БухДУ юзага келган мураккаб шароитда ўз фаолиятини давом эттириш учун барча техник имкониятини ишга солмоқда.
Университетимизда талабалар учун масофавий таълимни ташкил қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда сўнгги бир йил давомида кредит тизимига ўтиш бўйича тайёргарлик ишлари бошлангани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўтган даврда бир неча нафар профессор-ўқитувчи ва мутахассисларимиз Тошкент Вестминстер университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Тошкент Ахборот технологиялари университетида бўлиб, бу борадаги тажрибани ўрганди. Шунингдек, талабаларнинг қишки таътили даврида профессор-ўқитувчиларимиз учун Moodle платформасига маълумотларни жойлаштириш, интернет таълим ресурслари, Google Classroom каби иловалардан самарали фойдаланиш, вебинарлар ( интернет орқали семинар ёки онлайн семинар) ни ташкил қилиш масалаларига бағишланган ўқув семинарлари ўтказилди.
Карантин муносабати билан жорий йилнинг 16 мартидан талабаларга таътил берилгач, коронавирус тарқалиши бўйича вазият янада мураккаблашиши эҳтимолини инобатга олиб университетда Moodle платформасига жойлаштирилган ўқув-назорат материалларини қайта кўриб чиқиш, уларни тартибга келтириш, тўлдириш ва такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Бу масала жуда муҳим. Масофавий ўқитиш платформасига бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича баҳорги семестрда ўқитилаётган 700 дан ортиқ фанлар бўйича ўқув ва назорат материаллари жойлаштирилди ҳамда тегишли фанлар бўйича тизимга бириктириб чиқилди. 1 апрелдан эътиборан университетимизда масофавий таълим йўлга қўйилди.
Онлайн ва масофали ўқитиш учун авваламбор, бир қанча шартлар бажарилиши керак. Бунда аввало, интернет алоқасининг мавжуд бўлиши ва бошқа техник шароитлар мавжудлиги талаб этилади. Университетда ҳозирги вақтда умумий интернет тезлиги 300 Мб/с ни ташкил қилади ҳамда бу маълумотларнинг асосий қисми олий таълим муассасидаги серверларда жойлаштирилганда ҳам зарур ахборот алмашинувини йўлга қўйиш имконини беради. Профессор-ўқитувчиларнинг уйдан туриб ишлаши инобатга олиниб, уларнинг интернетга уланиш имкониятлари ўрганилди. Жараёнда мазкур тоифа вакилларининг аксарият қисми 2-5 Мб/с тезликли интернетдан, бошқалари эса мобиль интернет тармоғидан фойдаланаётганлари аниқланди. Талабаларнинг Бухоро шаҳри ва туман марказларида яшайдиган кўпчилик қисми юқори тезликли интернет, қолганлари эса мобиль интернетдан фойдаланиш имконига эга.
Шуниси ҳам борки, туманларнинг чекка ва олис ҳудудларида яшовчи айрим талабалар билан мобиль интернет алоқаси орқали уланишда ҳам муаммолар юзага келиши мумкинлиги аён бўлди.
Масофавий таълим шароитида профессор-ўқитувчи ва талабалар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш учун муайян шарт-шароит ва дастурий маҳсулотларнинг бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда Moodle платформасини алоҳида қайд қилиб ўтиш лозим. Бундан ташқари университет профессор-ўқитувчиларига онлайн таълимни йўлга қўйишда видеомулоқот ўрнатиш учун Zoom, матнларни биргаликда ўқиш учун Perusall, ўқув материалларини тайёрлаш учун Google Docs ва Google Slides, турли ғояларни визуаллаштиришда Figma, видеоконтентни бошқариш мақсадида Kaltura ва Panopto каби дастурлардан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди. Бироқ мазкур тизимларни ўқитувчиларнинг ўзлари мустақил ўрганишлари ва амалиётда қўллаш малакаларини эгаллашлари талаб қилинади. Бу масалаларда уларга кўмак бериш учун онлайн мулоқотлар ташкил этилмоқда, гиперматнли йўриқномалар тайёрлаб берилмоқда.
– Сир эмас, талабаларнинг кўпчилигида Moodle платформасидан фойдаланиш кўникмалари яхши шаклланмаган. Қолаверса, жойларда интернетга уланиш тезлиги етарли эмас. Бу масофавий ўқитиш самарадорлигига таъсир кўрсатиши мумкин-ку?
–Таъкидингиз ўринли. Биз юқоридаги муаммолар оқибатида масофавий ўқитишда бўшлиқ юзага келмаслиги учун ўқув материалларини Telegram мессенжерида гуруҳлар ташкил этган ҳолда, талабаларга материалларни қўшимча равишда етказиб беришни йўлга қўйганмиз. Тўғри, жараён силлиқ бораётгани йўқ. Лекин мавжуд қийинчиликларга қарамасдан университетимиз расмий веб-сайти, Moodle платформасига кунлик ташрифлар сони ортиб бормоқда.
Ҳа, масофавий таълим кўпчилик олий таълим муассасалари қатори университетимиз учун ҳам илк тажриба. Одатдаги шароитда, бу усулни жорий этишга узоқ муддат тайёргарлик кўрилади. Бироқ ҳозир вақт зиқ. Талабаларга ўқув маълумотларини етказиш, уларнинг саволларига жавоб бериш, бажарган топшириқларни текшириш ва баҳолашдан ташқари, уларни психологик қўллаб-қувватлаш каби масалаларни ҳам ҳал қилишимиз лозим. Шу мақсадда университетимиз веб-саҳифаси, ижтимоий тармоқлар орқали раҳбарият, етакчи профессорлар, мутахассисларимиз томонидан видеомурожаатлар қилинди. Кўплаб талабаларимиз бундай мададга ижобий муносабат билдириб, вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётганлиги, масофадан таълим олиш, онлайн тадбирларда иштирок этишга тайёр эканликлари тўғрисида лавҳалар тайёрлаб жўнатмоқда.
–Бугунги кунда университетда жаҳон стандартлари даражасида замонавий мутахассис кадрлар тайёрлаш мақсадида Франция, Россия, Индонезия ва бошқа қатор давлатлар олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, карантин даврида хорижий ОТМ билан масофавий таълимни ҳам йўлга қўйиш кўзда тутилганми?
–Университетимизнинг 12 та факультети кундузги бўлимларида 11 минг нафардан зиёд бакалаврлар ўқимоқда. Уларнинг 230 нафари хорижий ОТМлар билан тузилган қўшма таълим дастурлари асосида билим олаётир. Бу талабаларга бевосита хориж олий таълим муассасалар билан боғланган ҳолда онлайн ҳамда масофавий таълим бериш режага киритилган. Мазкур йўналишда Россиянинг ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари билан биргаликда тайёргарлик ишлари кўрилмоқда.
Умуман, олий ўқув юртимизда коронавирус эпидемияси шароитида карантин талабларидан келиб чиқиб, таълим йўналишида онлайн шаклида қатор анжуманларни йўлга қўйиш мўлжалланган. Масалан, апрель ойида иккита илмий конференция, турли илмий, ижодий лойиҳалар бўйича танловлар, бешта муҳим ташаббус бўйича тадбирлар ўтказилади. Буларнинг барчаси таълим сифат ва самарадорлигини оширишга, профессор-ўқитувчиларимиз, мутахассисларимиз ҳамда талабаларнинг ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоиз, илмий педагогик жамоамиз карантин даврида масофавий ўқитиш бўйича хорижда тўпланган илғор тажрибани ўрганиш, уни қўллаш, таълим жараёнини кредит тизими асосида йўлга қўйиш, ўқув режалари ва фан дастурларини такомиллаштириш бўйича кўплаб таклифлар билдирмоқда. Қолаверса, улар инновацион ахборот технологияларга асосланган илмий-педагогик изланишларни олиб боришаётир. Бунинг самарасида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан қисқа муддатда 300 га яқин видеодарслар яратилди.
Эркин ЁДГОРОВ суҳбатлашди.