Онлайн: Солиқ кодексига қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган лойиҳада жорий йилнинг фойда солиғи солиқ базасини аниқлашда зарарларни тўлиқ чегириш ҳуқуқи берилмоқда. Ўз навбатида, кўчмас мулк жойлашган жойидан келиб чиқиб бир квадрат метр учун минимал қиймат жорий этиш билан бирга, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкаларини пасайтириш, полиетилен гранулаларига акциз солиғи ставкасини 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирган ҳолда, ушбу ставкани унинг импортига ҳам жорий этиш белгиланмоқда.
Қайд этилганидек, лойиҳада солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектлар ҳисобини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Хусусан, солиқ имтиёзлари ҳисоби бўйича ягона автоматлаштирилган тизимни яратиш, солиқ тўловчининг ҳисоб маълумотларидаги ўзгаришларни шахсий кабинет орқали тасдиқлаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, солиқ тўловчи томонидан тақдим қилинган маълумотларни солиштириш бўйича автоматлаштирилган тизим яратиш, шунингдек, сотиб олинган ва реализация қилинган товарларни солиштириш бўйича таҳлил ўтказиш масаласи ҳам лойиҳада ўз аксини топган.
Шу билан бирга, қўшилган қиймат солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари электрон ҳисобварақ-фактура тизимлари ривожлантириш ва солиқ ҳисоботлари, улар маълумотлари ҳамда онлайн касса машиналари маълумотлари бўйича шакллантириш имкониятини ҳисобга олган ҳолда унификация қилинмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилган масалалар депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Депутатларнинг айрим моддалар бўйича савол ва эътирозларига мажлисда онлайн иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев, офлайн иштирок этган қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев батафсил жавоб берди.
Билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Қонунчилик палатасининг мажлиси давом этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА