Онлайн кредит ва пул ўтказмаларида янги чекловлар жорий этилади
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кибержиноятлар сони кескин ошиб бормоқда. Президент раислигида ўтказилган йиғилишда қайд этилишича, мамлакатда сўнгги беш йилда кибержиноятлар сони 68 баробарга ошган. Фақат 2025 йилнинг ўзида 46 мингдан ортиқ кибержиноят ҳолати қайд этилган бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 триллион сўмдан ошган. Шунингдек, айни пайтда Ўзбекистонда 31 миллиондан ортиқ интернет фойдаланувчиси мавжуд экани ҳам таъкидланган.
Ушбу рақамлар давлат даражасида киберхавфсизликни кучайтириш ва рақамли молиявий хизматларда қўшимча ҳимоя механизмларини жорий этиш заруратини янада долзарб қилиб қўймоқда. Шу боис Марказий банк томонидан банк мобил иловаларида янги хавфсизлик талаблари ишлаб чиқилиб, 22 апрелдан амалиётга жорий этилмоқда.
Унга кўра, 22 апрелдан бошлаб банк мобил иловаларида биометрик идентификация, телефон рақамини текшириш, онлайн кредитларни назорат қилиш каби қатор янги талаблар жорий этилади.

Янги тартиб фойдаланувчилар хавфсизлигини оширишга қаратилган бўлса-да, айрим қўшимча чекловлар ва янги талабларни ҳам назарда тутади.
Хўш, мазкур ўзгаришлар банк хизматларидан фойдаланиш тартибига қандай таъсир кўрсатади?
Янги қоидалар фирибгарлик ҳолатларини камайтиришга қай даражада хизмат қилади?
22 апрелдан бошлаб Марказий банк томонидан жорий этилаётган мазкур тартиблар масофавий молиявий хизматлар хавфсизлигини ошириш ва онлайн фирибгарлик ҳолатларини камайтиришга қаратилган.
Янги тартибнинг асосий жиҳатларидан бири биометрик идентификациянинг мажбурий тартибда жорий этилишидир. Энди янги қурилмадан иловага кириш, банк картасини улаш ёки паролни ўзгартириш каби муҳим операциялар қўшимча биометрик текширув орқали амалга оширилади. Бу эса фақат SMS-код орқали кириш имкониятини чеклайди.
Мазкур чоралар фойдаланувчи маълумотларини қўлга киритиш орқали амалга оширилаётган фирибгарлик ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади. Айниқса, телефон орқали фуқароларни алдаш орқали банк иловаларига кириш ҳолатлари сўнгги вақтларда кўпайгани бу каби чораларни долзарб этмоқда.
Янги талабларга кўра, банк иловалари телефон рақамининг карта эгасига тегишлилигини текшириши шарт бўлади. Агар рақам бошқа шахс номида бўлса ёки ЖШШИР билан мос келмаса, айрим операцияларга чеклов қўйилиши мумкин.
Бу талаб фирибгарлар томонидан бошқа шахс номидаги рақамлардан фойдаланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган. Бироқ амалиётда аҳолининг маълум қисми телефон рақамидан яқин қариндошлари номида фойдаланиши ҳам учрайди. Шу сабабли янги тартибда яқин қариндошлар номидаги рақамлардан фойдаланишга рухсат берилган.
Янги тартиб онлайн кредитлар соҳасида ҳам муҳим ўзгаришларни назарда тутади. Энди бир вақтнинг ўзида бир нечта банкдан кредит расмийлаштириш имконияти чекланади. Кредит тасдиқлангандан кейин ҳам маблағни ўтказишдан олдин қўшимча биометрик текширув амалга оширилади.
Бу чоралар фуқаролар номига уларнинг хабариcиз кредит расмийлаштириш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги талаблардан яна бири телефонда аудио ёки видео қўнғироқ амалга оширилаётган вақтда банк иловаларининг вақтинча чекланишидир. Бу фирибгарларнинг телефон орқали фуқароларни алдаш орқали пул ўтказишга мажбурлаш ҳолатларини камайтиришга қаратилган.
Шунингдек, масофадан бошқариш дастурлари орқали кириш ҳолатлари аниқланганда ҳам операциялар блокланади.
Мутахассислар фикрича, янги хавфсизлик чоралари банк тизимида ишончни оширишга хизмат қилади. Айниқса, онлайн хизматлардан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётган шароитда фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, янги талаблар айрим фойдаланувчилар учун дастлаб ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин. Телефон рақамини қайта расмийлаштириш, биометрик текширувлардан ўтиш каби жараёнлар қўшимча вақт талаб этади.
Бир сўз билан айтганда, жорий йилнинг 22 апрелдан жорий этиладиган янги тартиб банк мобил иловалари хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади. Кибержиноятлар сони ошиб бораётган шароитда мазкур чоралар фуқароларнинг молиявий хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА