Онлайн бозорда шикоятлар нега кўпаймоқда?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда электрон тижорат жадал ривожланиб, онлайн харидлар оммалашди. Шу билан бирга, истеъмолчилар ва тадбиркорлар ўртасида турли муаммолар ҳам юзага келмоқда.
2026 йил I чорагида 111 та платформа бўйича 1 минг 657 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми товар сифати, тўлов масалалари ва етказиб бериш билан боғлиқ. Мурожаатларнинг 60 фоизи ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига қарийб 350 миллион сўмлик қайта ҳисоб-китоб ва алмаштириш амалга оширилган.
Энг кўп шикоятлар йирик платформалар — Uzum Market, Uzum Nasiya ва Alif ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, инстаграм ва телеграм каби ижтимоий тармоқларда фирибгарлик хавфи юқори экани қайд этилган.
Асосий муаммолар — товарнинг тавсифга мос келмаслиги, молиявий шаффофлик етишмаслиги ва етказиб беришдаги кечикишлар.
Муаммоларни ҳал этиш учун “Escrow” (кафолатли) тўлов тизимини жорий этиш, онлайн низоларни автомат ҳал қилиш (ODR), сотувчилар рейтинги ва жавобгарлигини кучайтириш, қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг рақамли саводхонлигини ошириш, логистика тизимини стандартлаштириш каби таклифлар илгари сурилган.
Хулоса қилиб айтганда, соҳада ижобий ўзгаришлар бор, аммо асосий эътибор муаммоларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилмоғи лозим.
Н.Раҳмонова, ЎзА