Она ва бола саломатлиги сақлаб қолинди
Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти филиалида яна бир мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Юқори хавфли акушерлик ҳолатида бажарилган операция натижасида ҳам онанинг, ҳам чақалоқнинг ҳаёти ва саломатлиги сақлаб қолинди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур жарроҳлик амалиёти филиалнинг олий тоифали акушер-гинекологи Озода Раимқулова ҳамда унинг шогирди Жасурбек Топилов томонидан муваффақиятли бажарилди. Бу нафақат шифокорларнинг юксак касбий маҳорати ва замонавий тиббий ёндашувлар самарасини, балки филиалда устоз-шогирд анъаналари изчил давом этаётганининг ҳам ёрқин ифодаси бўлди.
Сайхунобод туманининг Ўзбекистон маҳалласида яшовчи, 2006 йилда туғилган Гулҳаё Ҳамидова ҳомиладорликнинг 38 ҳафтасида филиалга мурожаат қилди. Чуқурлаштирилган тиббий текширувлар давомида унда ўнг тухумдон кистомаси аниқланди. Мутахассислар беморнинг умумий аҳволи, ҳомиланинг ривожланиши ҳамда касалликнинг эҳтимолий хавфларини ҳар томонлама баҳолаб, консилиум хулосасига асосан кесар кесиш амалиётини ўтказишга қарор қилди.
Жарроҳлик амалиёти давомида соғлом ўғил чақалоқ дунёга келтирилди. Янги туғилган чақалоқнинг вазни 3100 грамм, бўйи 49 сантиметрни ташкил этди. Шунингдек, операция жараёнида беморда аниқланган ўнг тухумдон кистомаси капсуласи билан бирга тўлиқ олиб ташланди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳомиладорлик даврида аниқланадиган тухумдон кисталари аксарият ҳолларда доимий кузатувни талаб этади. Бироқ ўсманинг катталашиши, асоратлар хавфи ёки туғруқ жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда жарроҳлик амалиёти энг мақбул даволаш усули ҳисобланади. Бундай вазиятларда кесар кесиш билан бир вақтнинг ўзида патологик ҳосилани бартараф этиш орқали беморни такрорий операциядан асраш мумкин бўлади.
— Ҳар бир клиник ҳолат алоҳида ёндашувни талаб қилади. Мазкур беморда ҳомиладорлик тўлиқ муддатга етгани ва ўнг тухумдонда кистома мавжудлиги инобатга олиниб, кесар кесиш амалиётини ўсмани олиб ташлаш билан бир вақтда бажаришга қарор қилинди. Бу, бир томондан, чақалоқнинг хавфсиз туғилишини таъминласа, иккинчи томондан, она организмини такрорий жарроҳлик аралашувидан асради. Энг муҳими, операция муваффақиятли ўтди ва бугунги кунда ҳам она, ҳам чақалоқнинг аҳволи қониқарли, — дейди Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё вилояти филиалининг олий тоифали акушер-гинекологи Матлуба Жўраева.
Айни пайтда она ва чақалоқнинг аҳволи яхши, улар шифокорлар назорати остида соғаймоқда. Энг муҳими, ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам туфайли яна бир оиланинг бахти сақлаб қолинди. Бу эса шифокорларнинг юксак касбий маҳорати ва тажрибасини, балки вилоятда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизими замонавий тиббий технологиялар асосида изчил ривожланаётганини яна бир бор намоён этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири