“Она – улуғ устоз, она – улуғ тарбиячи”
Бухорода вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан “Она – улуғ устоз, она – улуғ тарбиячи” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилада фарзанд тарбияси, китобхонлик ва маънавият соҳасига оид фикр-мулоҳазалари билдирилди.
– Кўпчилик оилаларда аёл бош тарбиячи эканини тан олса-да, бу масалага жиддий қарамайди, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Феруза Ибрагимова. – Аксар оилаларнинг ҳаёт тарзига назар ташласак, уйнинг саранжомлиги, овқатнинг мазаси, кийимларнинг орасталиги каби масалалар фарзандининг қандай шароитда катта бўлаётганидан кўра муҳимроқ. Бундай ота-оналарнинг илмий асоси бўлмагани сабабли боланинг яхши кийингани, ўзига қараб юриши, ҳеч кимга халақит бермай ўтириши, бировларнинг олдида уятга қолдирадиган бирор иш қилмаслиги уларга етарли ҳисобланади. Аслида боланинг жисмоний ҳолати билан бирга руҳияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Болага маънавий озуқа бериш, уни кунига уч маҳал таомлантиришдан ҳам зарурроқ эканини англаб етган она фарзандига соғлом тарбия бериш учун қадам қўйган бўлади. Албатта, бу иш ўзига яраша илм-малакани талаб этади. Ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг бош мақсади ҳам шунда.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида фаол аёллар, жамоат ташкилотлари, маҳалла, таълим тизими мутасаддилари иштирокида ўтказилаётган тадбирларда интерактив усулда маънавий-маърифий, ижтимоий соҳаларда долзарб бўлиб турган масалаларга эътибор қаратилди.
[gallery-14427]
Когон шаҳри, Когон ва Вобкент туманларида ташкил этилган тадбирларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори Сайёра Тўйчиева, Ўзбекистон давлат филармонияси солисти Озода Ёрова, Жондор, Қоракўл, Олот туманларида ташкил этилган тадбирларда Ички ишлар академияси профессори Гулчеҳра Маткаримова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳуррият Исроилова иштирокида аёлнинг жамиятдаги ўрни, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилада фарзанд тарбияси, китобхонлик ва маънавият соҳасига оид кўплаб масалалар ҳам муҳокама қилинди. Бу борада таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари