Она тилимиз ҳамон ҳимояга муҳтож...
1989 йилнинг 21 октябрида «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинди ва бу сана халқимиз учун унутилмас тарихий воқеага айланди.
Энг муҳими, ушбу қонун Мустақиллик учун қўйилган илк қадам бўлди.
Тил миллатни миллат, давлатни давлат сифатида тан оладиган энг асосий омил саналади. Тил софлиги миллат софлиги, тил халқимизнинг миллий ўзлиги, давлатимиз тимсоли, маънавий бойлик, ўлмас қадриятидир.
Ўтган йиллар давомида «Давлат тили ҳақида»ги қонунга кўплаб ўзгаришлар киритилди ва қонун янада такомиллаштирилди. Чунки бу қонун ҳар доим таҳрирга муҳтож бўлиб келган.
Сўнгги йилларда Она тилимизнинг мавқени ошириш бўйича кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Ўтган йилдан бошлаб 21 октябрь – Ўзбек тили байрами сифатида расман кенг нишонланадиган бўлди ва бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.
Албатта, бу охирги нуқта эмас. Тан олайлик, тил борасидаги ҳуқуқий ҳужжатларимизни ҳамон жойига қўйганимиз йўқ. Жойига қўйганларининг эса эплаб ижросини таъминлай олмаяпмиз. Она тилимиз ҳамон ҳимояга муҳтож.
Шоир Муҳаммад Юсуф айтганидек:
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри-дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Маълумотларга кўра, қачонлардир дунё тиллари сони 8 мингтани ташкил қилган бўлса, бугун атиги 6 мингтаси қолган холос. Уларнинг ҳам 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида. Олимларнинг қайд этишича, ҳар икки ҳафтада битта тил йўқоляпти ва бу ўша тильда сўзлашувчи халқларнинг ҳам йўқолиб бораётганидан далолат.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тил яшаб қолиши учун ундан камида бир миллион киши гаплашиши керак. Аммо бундай тиллар дунёда атиги 250 та экан. Ўзбек тилининг ҳам ушбу рўйхатда экани қувонарли. Бугун Она тилимизда дунё бўйича 30 миллиондан кўпроқ одам сўзлашмоқда. Иккинчи тил сифатида биладиганлар ҳисобига бу сон 50 миллиондан ортади.
Албатта, бу рақамлар хавотирланмаслигимизга асос бўла олмайди. Яна 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан. Демак, ўз она тилимизни нафақат ҳимоя қилишимиз, балки уни тараққий этган тиллар қаторига қўшишимиз, равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуришимиз лозим.
Жаҳонгир ЗИЯЕВ, «Миллий тикланиш» депутати