Она тилим – фахрим, давлатим
Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш, она тилимизнинг қадр-қимматини жойига қўйиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 23 сентябрда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи бу борадаги саъй-ҳаракатларга кенг йўл очиб, ўзбек тилининг нафақат республикамиздаги, балки жаҳондаги нуфузини янада мустаҳкамлади.

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Давлат тилини севиш, унинг ривожланишига ҳисса қўшиш – барчамизнинг бурчимиздир” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, филолог, тилшунос, олимлар, профессор-ўқитувчилар, ҳарбий хизматчи ва курсантлар иштирок этди.
Тадбирда она тилимизнинг ўзига хослиги, бугунги кунда давлат тилининг нуфузи ва мақомини ошириш борасидаги ислоҳотларга тўхталиб, ҳар бир Ватан фарзанди ўз она тилини севиши, унинг қадр-қимматини жойига қўйишда фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва унинг жойлардаги вакиллари, яъни вазирлик, идораларда фаолият юритаётган давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар томонидан идораларда давлат тилини ривожлантириш, давлат тилида иш юритишни ташкил қилиш ишларининг изчил давом эттирилаётганлиги ҳақида сўз юритилди.

Ижодкорлар томонидан она тилини улуғловчи шеър ва қўшиқлар айтилди.
Учрашувда курсантлар ҳам сўз олиб, эл ардоғидаги шоирларнинг ижод намуналаридан ёд айтиб, устоз шоирлардан эсдалик шеърий тўпламлари билан бирга ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олди.
Гулноза Бобоева, ЎзА