Она табиат муҳофазасига масъулмиз
Сурхондарё вилоят прокуратураси ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси “Экология соҳасида қонунчиликни таъминлаш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар" мавзуига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.
Тадбирда вилоят прокуратурасининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими прокурори Турғун Қорақулов, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Бўриев, "Сурхон" давлат қўриқхонаси директори Рустам Турдиевлар соҳада қонунчиликни таъминлаш, экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва юзага келаётган муаммолар ечимини топиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида атрофлича фикр юритди.

Таъкидландики, вилоятда олтита давлат ўрмон хўжалиги мавжуд. Ўрмон фондининг бир қисм ер майдонлари ижарага берилган. Ўтган йили ва жорий йилнинг ўтган даврида прокуратура органлари мазкур йўналишда 9 та жиноят иши қўзғатган. Жумладан, “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ўрмон фондининг 20 минг гектар ерлари кўздан кечирилганда 1 минг 210 гектар майдонда табиий ҳолда ўсган 19 минг 253 туп тожик кавраги кесилиб, табиатга 9 миллиард 530 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланган. Ҳолат юзасидан тегишли жиноят иши қўзғатилиб, унинг 4 миллиард 464 миллион сўми ундирилиши таъминланган.

Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий эълон қилинган бўлса-да, воҳада ҳануз бу борада ҳам ғайриқонуний ишларга қўл урилаётганига дуч келинмоқда. Мазкур йўналишда 4 та ҳолатда жиноий иш қўзғатилгани бунга яққол мисолдир. Масалан, Олтинсой туманидаги Қорлиқ қишлоғи ҳудудидан ўтувчи “Хидиршо” каналининг ПКО+00 дан ПК+22+40 гача қисми иншоотларини реконструкция қилиш ишларини олиб бориш жараёнида ўзбошимчалик билан 18 туп қимматбаҳо ҳамда 153 туп кам қимматли 171 туп манзарали ва мевали дарахт кесилиб, ўсимлик дунёсига 903 миллион 580 минг сўм моддий зарар етказилган.

Анжуманда прокуратура органлари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, чиқиндилар билан ишлаш, иқлим ўзгариши ва сув танқислиги йўналиши бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг давлат инспекторлари жорий йилнинг биринчи чорагида табиатни муҳофаза қилиш соҳасига оид қонун ва қарорлар ижроси юзасидан олиб борган назорат тадбирлари чоғида 878 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий иш қўзғатиб, 782 миллион 400 минг сўм миқдорида жарима ва 42 ҳолатда 258 миллион 300 минг сўм табиатга етказилган зарар ҳисоблаган. 950 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсга соҳага оид профилактик тадбирлар ўтказган.

Содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг 334 таси ёки 123 миллион 900 минг сўмлиги чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида, 51 миллион 700 минг сўмлик 276 таси атмосфера ҳавосини, 41 миллион 200 минг сўмлик 39 таси сув объектларини муҳофаза қилиш соҳаларида аниқланган. Ерларни муҳофаза қилиш соҳасида 110 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 141 миллион 700 минг сўм жарима қўлланилган. 46 ҳолатда аниқланган ер ости бойликларини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун 272 миллион 300 минг сўм, ўсимлик дунёсини муҳофаза муҳофаза қилиш йўналишида 69 ҳолатга 138 миллион 100 минг сўм, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишда битта ҳолат аниқланиб, 3 миллион 400 минг сўм ва балиқларни ноқонуний овлаш бўйича учта ҳуқуқбузарликка 10 миллион 200 минг сўм жарима солинган.
–Бу рақамлар фақат эконазоратчилар аниқлаган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилган жарималардир, –деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ. Бўриев.– Уларнинг аниқлнмай қолаётгани қанча. Бунинг учун она табиат олдида барчамиз бирдек айбдормиз. Теварак-атрофни асраб-авайлаш, она табиат инъом этган бойликларга тўғри муносабатда бўлишни таъминлаш учун фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ва экологлар эмас, барчамиз бирдек жавобгар эканимизни унутмуслигимиз керак. Бу масалада кенг жамоатчилик ёрдамига таянишни истаймиз.
Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири