Она диёрни яшил маконга айлантирайлик: бу — бизнинг келажак олдидаги муқаддас бурчимиз!
“Яхши ниятда экилган ҳар бир кўчат бу – ҳаёт, бу – тоза ҳаво, бу – соғлом муҳит, бу – келажак”. Давлатимиз раҳбарининг ушбу теран мазмунли сўзлари бугун нафақат даъват, балки ҳар бир юртдошимиз учун амалий ҳаёт дастурига айланиши лозим. Зеро, табиатни асраш ва яшиллик дунёсини кенгайтириш – шунчаки экологик тадбир эмас, балки инсониятнинг ер юзидаги умрбоқийлигини таъминловчи энг олий масъулиятдир.
Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, “Бир кўчат эксанг – минг барака”, “Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк”, деб бежиз айтилмаган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бундай ҳикматли сўзларнинг аҳамияти ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётганини барчамиз кундалик ҳаётда, глобал иқлим ўзгаришлари фонида яққол ҳис этиб турибмиз. Шу боис, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш, бу ташаббуснинг нечоғли аҳамиятлилигини тарғиб этиш кечиктириб бўлмас вазифадир.
Президентимиз маҳалла раислари, нуроний отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар вакиллари ҳамда барча фаолларга мурожаат қилиб, жойларда миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимизни янада кенгроқ тарғиб қилишга чорлади. Бугун маҳалла аҳолисини ҳамжиҳатлик ва аҳиллик руҳида мана шундай эзгу ишларга сафарбар этиш, махсус клублар ва жамоалар ташкил қилиш вақти келди. Ҳар бир кўча, хонадон ва йўл бўйларига ниҳоллар қадаш, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда катта авлод вакиллари ёшларга бош бўлиши, уларга табиатни севиш ва асраш бўйича ўрнак кўрсатиши зарур.
Зеро, экилган ҳар бир ниҳол нафақат ҳавони тозалайди, балки она заминнинг “ўпкаси” бўлиб хизмат қилади. Бу жараёнда фақат сон эмас, балки сифат ва доимий парвариш биринчи ўринга чиқиши лозим. Экилган ҳар бир ниҳолнинг тақдирига бефарқ бўлмаслик, уни вояга етказиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш — ватанпарварликнинг энг олий намунасидир.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, табиатга муҳаббат Ватанга бўлган муҳаббатнинг бир кўринишидир. Яхши ният билан ерга қадалган ниҳол йиллар ўтиб улкан боғларга айланади. Бу боғлар эсa бизнинг келажак олдидаги қарзимиз, соғлом ҳаётимиз кафолати ва юртимиз кўрки бўлиб қолаверади. Келинг, яшил оламни биргаликда барпо этайлик — бу бизнинг фарзандларимиз учун қолдирадиган энг бебаҳо меросимиз бўлсин!
А.Ғаффоров,
ЎзА