Ўн ёшга масъул нуронийлар беллашмоқда
Сурхондарё вилоятида “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман, шаҳар босқичи бўлиб ўтмоқда.
Танловнинг Олтинсой тумани босқичи 15-болалар мусиқа ва санъат мактаби залида ўтказилди. Кекса ва ўрта авлод вакиллари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Маҳаллаларда ҳар бир нуронийга ўн нафар ёш масъул этиб белгилангани ҳам яхши самаралар бераётгани, мазкур танлов кекса авлод вакилларининг тажрибаларини оммалаштириб, энг фаол нуронийларни муносиб рағбатлантиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган танловнинг ҳудудий босқичи иштирокчилари дастлаб тадбир қатнашчиларини ўз фаолиятлари билан таништирди. Иккинчи шартда ҳакамлар уларнинг иш жараёни акс этган альбомларни кўздан кечириб, холисона баҳо берди. Учинчи шартда ўзларига бириктирилган ёшлар билан олиб бораётган ишлари, маҳаллада ажримларнинг олдини олиш, Президентимизнинг фармон ва қарорлари тарғиботи, ёшлар тарбияси йўлидаги ишлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

– Танловда нуронийларимиз жуда фаол қатнашгани бой таассурот уйғотди, – дейди танлов ҳакамлар ҳайъати раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ашурали Орипов. – Бир нуроний 10 ёшга масъул лойиҳаси нуронийларимизни жамият ҳаётига жалб этгани сезилмоқда. Ўғил-қизлар тарбиясида кекса авлод тажрибасидан оқилона фойдаланаётир. Ажрим ёқасида турган ўнлаб ёш оилаларнинг барқарорлиги таъминланмоқда. Асрлар давомида сайқал топган қадриятларимизга ҳурмат туйғуси юксалмоқда.

Танловда Чеп маҳалласидан Омонтурди Эсонов биринчи, Қоратепа маҳалласи нуронийси Иброҳим Обилов иккинчи, Ипоқ маҳалласидан Чоршанби Алиқулов учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар танлов ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири