
Янги қонун
Олий Мажлис Сенатининг яқинда ўтказилган учинчи ялпи мажлисида “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Ушбу қонунга асосан энди кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўлаб бериш учун омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил этилади. Мазкур идора банклар банкротликка учраган тақдирда омонатчилар маблағларини банкдан талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Агентликка жуда катта ваколатлар берилади, улар омонатларнинг сақланиш кафолатларини мониторинг қилишади. Хавф сезилганда омонатларни эгаларига қайтариш чораларини кўради. Агентлик қошидаги бошқарув органи, яъни кенгаш мутлақо мустақил бўлиб, унинг ишига кенгаш аъзоларидан бошқаларнинг аралашишга ҳақи йўқ. Давлат органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек, юридик шахсларга, шу жумладан, банкларга Агентлик фаолиятига аралашиш тақиқланади.
Кенгаш ташаббуси ва қарори билан омонатларни қайтаришни кафолатлаш фонди жорий этилади. Айтайлик, Марказий банк томонидан банкнинг лицензияси чақириб олинса, омонатчининг маблағи тезкорлик билан Агентлик томонидан ана шу фонд маблағларидан ечиб олиниши таъминланади. Бу эса банк-молия тизимидаги барқарорликни сақлаб туришга хизмат қилади.
Агентлик банклардаги омонатларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлаш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади. У омонатларни кафолатлаш жамғармасини бошқаради. Жамғарма маблағлари ҳисобидан омонатлар бўйича компенсациялар тўлашни уюштиради. Бу ваколатларни амалга оширишда у мустақилдир.
Агентлик молиявий ёрдам кўрсатиши ва хайрия фаолияти билан шуғулланиши, шунингдек, юридик шахсларнинг муассиси бўлиши мумкин эмас. Агентлик айнан кафолатланган омонатлар юзасидан банклардан уларнинг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан зарур бўлган барча ахборотларни, Марказий банкдан эса бу юзасидан бажарилаётган маълумотларни сўраб олишга ҳақли.
Бинобарин жамғарма маблағлари етарли бўлмаган тақдирда ликвидлиликни таъминлаш учун Марказий банк томонидан мақбул деб топилган таъминот асосида Марказий банк билан кредит шартномаларини тузиши мумкин. Дарвоқе, Агентлик банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш бўйича банкларга кўрсатмалар юборишга ҳам ҳақли.
Умуман олганда, Агентлик ва жамғарма банк кредитларини кафолатлаш бўйича айни пайтда олдимизда турган жуда кўп муаммоларга ечим топади. Шуни айтиш керакки, банкнинг лицензияси чақириб олинганда омонатларни қайтара бошлаш муддати қонунга кўра, 7 иш кунигача қисқаради. Аниқроқ қилиб айтганда, бу муддатни қонун кучга кирган кундан бошлаб 20 иш куни, 2026 йил 1 январидан 15 иш куни ва 2027 йилдан бошлаб эса 7 иш куни қилиш белгиланган.
Янги қонун банкларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш баробарида аҳоли омонатларининг ишончли кафолати ҳамдир.
Шавкат ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
ЎзА