Ўмон Султонлиги пойтахтида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилмоқда
Масқат шаҳрида Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлигини тарғиб этишга бағишланган реклама лойиҳаси амалга оширилмоқда. Пойтахтнинг марказий ва гавжум кўчаларидаги LED-экранлар орқали мамлакатимизнинг диққатга сазовор масканлари, бой маданий мероси ҳамда сайёҳлик имкониятларига оид видеолавҳалар намомийиш этилмоқда.
Ушбу тарғибот тадбирлари Ўмон Султонлиги аҳолисининг юртимизга бўлган қизиқишини ошириш, айниқса, қиш мавсумида хорижлик меҳмонларни фаол жалб қилиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга йўналтирилган.
Реклама материаллари Масқат шаҳрининг Саруж ва Шатти-ал-Қурм каби нуфузли дипломатик ҳудудларида, Бошер туманидаги “Таминат” мажмуасида, марказий туманларни боғловчи “Ал-Хайл” автомагистрали бўйида ҳамда олий таълим муассасалари кампуслари кампуси ҳудудидаги рақамли мониторларда намойиш этилмоқда.
Мазкур ҳудудлар кенг аудитория қатламини, жумладан, маҳаллий аҳоли, талабалар, ишбилармонлар, дипломатик доира вакиллари ва чет эллик меҳмонларни қамраб олиш имконини беради.
Видеороликлар томошабинларни Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги тарихий обидалар, миллий урф-одатларимиз ҳамда қадимий маданиятимиз билан яқиндан таништиради. Шунингдек, саёҳатчилар учун яратилган замонавий шароитлар ва турли туризм йўналишларига алоҳида урғу берилган.
Масқатдаги мазкур ташаббус Ўзбекистонни йил давомида саёҳат қилиш учун қулай ва жозибадор мамлакат сифатида танитиш ҳамда икки давлат ўртасидаги туристик алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Азиза Алимова, ЎзА