Оммавий спортни ривожлантириш — масъулиятли вазифа
Жисмоний фаоллик саломатликнинг энг муҳим шартларидан биридир. Соғ танда соғлом ақл деганларидек, инсон ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлсагина фаол ҳаёт тарзини давом эттиришга қодир бўлади.
Шу боис мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асрашни, аввало, спорт ва жисмоний ҳаракатни оммалаштиришдан бошлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш ва оммавий спортни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилмоқда. Аҳолининг оммавий спорт машғулотлари билан шуғулланиши учун қулай ва зарур шароит яратиш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва аҳолини оммавий спортга жалб этиш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 5 ноябрдаги “Юриш, югуриш, мини-футбол, бадминтон, стритбол ва “Workout” спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Бугунги кунда юртимиз бўйлаб мазкур йўналишдаги амалий чора-тадбирлар изчил олиб борилмоқда. Сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилгани, 3 минг 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдони, мингдан ортиқ фитнес заллари фаолият кўрсатаётгани шулар жумласидандир. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилгани аҳоли вакилларига кенг қулайлик бўлиб хизмат қилаётир.
Шу йилнинг 1 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилишда соҳадаги ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, йил давомида 6 миллион ўғил-қизни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш, бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирларини ўтказиш вазифаси қўйилди. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратиладиган бўлди. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, республика аҳолисини оммавий спортга жалб этиш учун 2021 йил мобайнида 110 мингдан ортиқ оммавий спорт тадбирлари ташкил этилиб, аҳолининг 26,7 фоизи жалб қилинган бўлса, 2022 йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 33 фоизга етказиш режалаштирилган. Ушбу мақсадларни амалга оширишда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, йиғилишда Олимпия ва паралимпия ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиблари билан маҳалла ёшлари ўртасида мотивацион учрашувлар ўтказиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Оммавий спорт тадбирларида ёшларнинг иштироки бўйича маҳаллалар рейтингини ишлаб чиқиш, “қониқарсиз” деб топилган жойларга таниқли мураббий ва спортчиларни бириктириб, спортни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Бу борадаги вазифалар соҳадаги ҳар бир муассаса ва масъуллар зиммасига катта вазифа ва масъулият юклайди. Шу жумладан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда факультетимиз ҳам ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларда асосий иштирокчи мотиватор бўлиши лозим. Бугунги кунда факультетимиз Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан тегишли дастур ва амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Аҳолини, айниқса, ёш авлодни спортга кенг жалб этиш борасидаги амалий ишлар миллатимиз бугуни ва эртаси билан боғлиқ долзарб масала экан, бу жараёнда фаоллик кўрсатиш вазифамиздир.
Сойибжон Тожибоев,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Паралимпия факультети декани