Оммавий дрон ҳужуми шаҳарни чироқсиз қолдирди
Россияга дрон билан уюштирилган оммавий ҳужум оқибатида Рязань шаҳридаги саноат мажмуаларида ёнғин юзага келиб, бир маҳаллий фуқаро жароҳат олди. Бу ҳақда вилоят губернатори Павел Мальков маълум қилган.
Таъкидланишича, дрон парчаси тушиши оқибатида электр узатиш тармоғи шикастланиб, шаҳарнинг бир қисмида чироқ ўчган. Шунингдек, 58-мактаб ойналари синган ва дарслар бекор қилинган.
Бундан ташқари яқин атрофдаги хусусий хонадонлар ҳам шикастланган. Масалан, Рибное ҳудудида аҳоли яшамайдиган бино ёнган. Жароҳатланган шахсга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Губернатор аҳолига шаҳарда ҳаракатланишни чеклаш ҳамда дрон қолдиғига яқинлашмай, зудлик билан тегишли хизмат вакилларига хабар беришни тавсия қилди.
Украина ОАВ мазкур ҳужум нишони Рязандаги маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводи бўлганини айтди. Ижтимоий тармоқда тарқалган видео лавҳада кучли портлаш, осмондаги чақнаш ва шундан сўнг кўтарилган тутун акс этган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА