
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Нукус туманида каналларни бетонлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Жумладан, иштирокчилар “Ақманғит” ҳамда “Дийхан-арна” каналини кўздан кечирдилар. Жорий йилда ҳукумат қарорлари ҳамда тегишли дастурлар асосида Қорақалпоғистон Республикасидаги 4 та каналда реконструкция, бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Улардан бири Нукус туманидаги “Ақманғит” каналидир.
[gallery-23005]
Дастур доирасида “Ақманғит” каналининг 9,5 километр қисмини бетонлаштириш белгиланган. Ҳозирги кунда канални жорий суғориш мавсумигача белгиланган қисмида бетонлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Эътиборлиси, канални реконструкция қилиш бўйича режалаштирилган ишларни амалга ошириш натижасида, йилига 7 миллион метр куб сув иқтисод қилиниши, шу билан бирга 2 минг гектардан ортиқ фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқа майдонларининг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.
Журналистлар туманда ирригация тармоқларини суғориш мавсумига тайёрлаш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар юзасидан ташкил этилган кўргазмали семинарда ҳам иштирок этди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Нукус тумани “Сув етказиб бериш хизмати” ва “Qoraqalpoqsuvqurilishinvest” давлат муассасалари масъуллари сув хўжалигида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Тадбир якунида нуронийлар дуоси билан янгидан бетонланган каналларга сув очилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.