Ҳомийлик хайриялари қандай тартибда етказилмоқда?
Мамлакатимизда ҳомийлик хайрияларининг марказлаштирилганига ҳам бир неча кун бўлди.
Эл бошига иш тушганда
Мамлакатимизда ҳомийлик хайрияларининг марказлаштирилганига ҳам бир неча кун бўлди. Шу қисқа фурсатда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари қошида 83 Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди. Уларга 319 автомашина, 1 минг 214 нафар кўнгилли бириктирилган.
Ўтган вақт давомида жойларда қанча маҳсулот хайрия қилинди?
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилишича, 5 апрель ҳолатига кўра, мазкур марказларга ҳомийлар томонидан 85 минг 570 литр ёғ, 129 тонна ун, 71 тонна шакар, 77 тонна макарон, 4 тонна 926 килограмм гўшт, 9 минг 78 дона товуқ, 120 тонна гуруч, 3 минг 552 килогармм мош, 420 минг 210 дона тухум, 30 минг дона тиббий ниқоб, 20 минг дона қўлқоп, 4 минг 50 дона антисептик восита, 8 минг 206 дона гигиеник воситалар (совун, тиш пастаси ва бошқалар) ва 12 минг 234 бошқа турдаги маҳсулотлар хайрия қилинди.
Бугунга қадар хайрияларни мувофиқлаштириш марказига мурожаат қилиш учун ташкил этилган “1197” қисқа рақами ва ҳар бир вилоят марказларининг телефон рақамлари орқали 4 минг 178 мурожаат келиб тушган. Ижтимоий тармоқлардаги тегишли саҳифалар, мобиль мессенжерларда очилган ботлар орқали ҳам мурожаатлар қабул қилиниб, ижроси бўйича назорат олиб борилмоқда. Шунингдек, маҳаллалар томонидан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳақида берилган маълумотлар асосида оилаларга хайрия ёрдамлари кўрсатилмоқда.
Шундай бўлса-да, бу борада энг йирик механизм, шубҳасиз, маҳаллалар тизими бўлиб қолмоқда. Чунки ҳар бир маҳалланинг фаоли ўз ҳудудидаги ҳақиқатда ёрдамга муҳтожлар ҳақида аниқ маълумотга эга.
Марказларга келиб тушган мурожаатлар, маҳаллалар томонидан шакллантирилган рўйхатлар асосида 5 апрель, яъни бир кунда 10 676 оилага хайрия ёрдамлари кўрсатилди.
Вилоятлар кесимида (Тошкент шаҳридан ташқари) энг кўп ёрдам кўрсатилган оилалар Навоий (3 минг 376), Самарқанд (1 минг 711) ва Жиззах (1 минг 386) вилоятларига тўғри келди.
Етказилган маҳсулотлар марказларга бириктирилган махсус автомашиналарда кўнгиллилар томонидан гигиена ва санитария талабларига риоя қилинган ҳолда маҳалла раислари ҳамроҳлигида манзилларига етказилган. Қолган маҳсулотлар кейинги кунларда навбатдаги мурожаатчиларга юборилади.
Марказларнинг иши қандай ташкил қилинган?
Марказларнинг ишида тартиб ва самарадорлик бўлиши учун Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича регламент ишлаб чиқилган. Таъкидлаш жоизки, марказлар юридик шахс мақомига эга эмас, жамоатчилик асосида ишлайди. Ушбу марказлар фаолиятига шароит яратиш ва автотранспорт билан таъминлаш ҳокимликлар зиммасига юклатилган.
Марказ иш фаолиятига тегишли вазифалар аниқ тақсимланган ҳолда ташкил қилинган гуруҳлар орқали йўлга қўйилган.
Махсус “Call center” қандай ишлайди?
“Call center” даги кўнгиллилар ҳар куни соат 8.00 дан 17.00 гача ҳомийлик хайрияларини улашмоқчи, хайрияга муҳтожлар ва кўнгилли бўлиб ёрдам бермоқчи бўлганларнинг мурожаатларини қабул қилади. Шу билан бирга барчасини рўйхатга олиб, тегишли гуруҳлар ва мутасаддиларга етказади. Ҳомийлик хайрияларининг муҳтож шахсларга етиб боришини доимий равишда телефон орқали мониторинг қилади.
Эътибор қаратиш лозимки, “Call center” гуруҳига бириктирилган волонтёрлар томонидан мурожаатчиларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт маълумотлари ва яшаш манзиллари аниқлаштирилади. Мазкур талабларга жавоб бермайдиган чақирувлар “Call center” гуруҳига бириктирилган кўнгиллилар томонидан телефон тармоғидан узилиши мумкин.
Ташкилий таҳлил гуруҳи эса келиб тушган мурожаатлар ва “Call center” томонидан шакллантирилган электрон рўйхатлар асосида ҳомийлик хайрияларига муҳтож шахсларнинг якуний рўйхатини шакллантиради. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий тузилмалари билан бирга ҳомийлик хайрияларини муҳтож шахсларнинг якуний рўйхати бўйича тўлиқ тарқатилганлигини умумлаштиради. Ҳомийлик хайрияларининг кирим-чиқим назоратини амалга оширади. Марказлар фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан доимий мониторингни амалга оширади.
Ҳомийлар билан ишлаш гуруҳи нима билан банд?
Ушбу гуруҳ ҳомийлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган рўйхатни шакллантиради. Шу билан бирга, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига келиб тушган маблағлар ҳисобидан олинган ҳомийлик хайриялари марказга йўналтирилишини ташкиллаштиради.
Шунингдек, ушбу гуруҳ марказга ҳомийлар жалб қилиш бўйича реклама ва тарғибот ишларини амалга ошириш, энг яхши ҳомийларнинг топ ўнталигини шакллантириш ва эълон қилиш билан шуғулланади. Ҳомийлар тўғрисидаги ахборотларни ОАВ билан ишлаш гуруҳига тақдим қилиш, тижорат ва нотижорат ташкилотларга ҳомийлик қилиш бўйича мурожаатлар қилиш каби вазифаларни ҳам бажаради.
Демак, бу йўналишдаги ишлар тизимли йўл қўйилди, дейиш учун барча асослар етарли. Галдаги асосий вазифа ҳомийлик қилиш ниятидаги инсонларни кенг жалб қилиш ва хайрия маҳсулотига эҳтиёжи бор оилаларни ўз вақтида аниқлашдир.
ЎзА мухбири
Абдулазиз МУСАЕВ
тайёрлади