Омбудсман жазони ижро этиш колониясини ўрганди
Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан навбатдаги мониторинг ташрифи Тошкент вилоятидаги 22-сонли жазони ижро этиш колониясига амалга оширилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизматининг маълумотларига кўра, Омбудсман бошчилигидаги эксперт гуруҳи аъзолари ушбу муассасада маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, бу ердаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича ўрганиш ишларини олиб боришди.
Муассасада 15 та учрашув хонаси бўлиб, маҳкумларнинг оила аъзолари карантин муносабати билан ҳафтанинг фақатгина жума, шанба ва якшанба кунлари узоқ муддатлик учрашувларга келишлари мумкин. Узоқ муддатли учрашувдан сўнг маҳкумлар 2 ҳафта давомида бошқа маҳкумлардан алоҳида сақланади ва шу муддат ичида “Covid-19» инфекциясини аниқлаш бўйича тест олинади.

Учрашув хоналари кўздан кечирилганда, хоналар барча зарур жиҳозлар билан таъминлангани ҳамда уларнинг ҳар бирида совуткич ва ювиниш хоналари мавжудлиги аниқланди. Муассаса бошлиғининг сўзларига кўра, барча хоналар ўтган йили таъмирдан чиқарилган ва бу йил яна қўшимча 3 та хона ажратилган.
Мониторинг давомида эксперт гуруҳи аъзолари колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам олиш шароитлари ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолатларини ҳам ўрганишди.
Колония ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель ясаш ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган 10 дан ортиқ цехлар мавжуд.

Колонияда мавжуд бўлган тикув цехида банд бўлган 15 нафар маҳкум тайёр бичилган матоларни тикиш билан машғул. 3-4 йилдан буён ушбу цехда ишлаётган маҳкумнинг сўзларига кўра, улар қайси цехда ишлашларини ўзлари танлайди. Қўшимча яна 5 та жазони ижро этиш муассасасини нон билан таъминлаб борувчи цехда ишлаётган маҳкумлар ҳам ойлик маошларини ўз вақтида олишларини маълум қилишди.
6 мингдан зиёд китобларга эга колония кутубхонасининг 195 та аъзоси бор. Шунингдек, ҳозир таъмирланаётган колония тиббиёт бўлими ва маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ҳам ўрганилганда, дори-дармон таъминоти тўлиқлиги, лекин, терапевт ва стамотолог шифокорлар лавозимлари вакант экани маълум бўлди.
Колония бошлиғининг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўзида муассасадаги барча иситиш ускуналари тўлиқ алмаштирилади, ошхона ва маҳкумлар ётоқхоналари таъмирланади.
Мониторинг давомида 30 га яқин маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, ариза ва шикоятлари қабул қилинди. Шунингдек 200 га яқин маҳкум билан оммавий қабул ўтказилди.
Н.Насриев, ЎзА