Омбудсман ва депутатлар тергов ҳибсхонасида
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган бўлиб, шахснинг озодликда ёки жазони ижро этиш муассасаларида эканидан қатъи назар, бу тамойил ўз аҳамиятини йўқотмайди. Асосий қомусимизда ҳам озодликдан маҳрум этилган шахслар инсоний муомалада бўлиниши, шунингдек, инсонга хос қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган.
Мазкур нормаларнинг бевосита конституцияда акс этиши мамлакатимизда инсон қадри устуворлигини кўрсатади. Айниқса, бу жараёнда жамоатчилик назорати ўрнатилиши муҳим аҳамият касб этади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили ва Халқ депутатлари вилоят кенгаши, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда депутатлардан иборат жамоатчилик гуруҳи томонидан Қарши шаҳридаги 5-сон тергов ҳибсхонаси кўздан кечирилди.

Жамоатчилик гуруҳи аъзолари томонидан қисқа муддатли учрашув, телефон сўзлашув хоналари, ошхона, кутубхона ва судларда онлайн иштирок этиш имконини берувчи конференция хоналари кўздан кечирилди. Муассасада сақланаётган шахсларнинг яшаш шароити, овқатланиши, тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳолати ва сифати, шунингдек, маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилиши кўздан кечирилди. Шунингдек, “Омбудсман қути”сига келиб тушган мурожаатлар ўрганилди.

Ҳибсхонада устоз-шогирд хоналари бўлиб, у ерда маҳбус ва хўжалик ишларига бириктирилган маҳкумлар касб ўрганиши мумкин.
Мониторинг доирасида муассаса ўқув хонаси учун Қарши мебель ишлаб чиқариш корхонаси томонидан стол ва стуллар жамланмаси ҳомийлик асосида тақдим этилди.

Ташриф давомида мазкур синфхонада вояга етмаганлар билан алоҳида профилактик суҳбат ташкил этилди. Суҳбат давомида уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, таълим олиш имкониятлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Уларга вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан совғалар тақдим этилди.

Шунингдек, ўтган галги ташриф давомида маҳбуслардан билдирилган таклифга асосан халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан 100 дона ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарлари жамланган китоблар тўплами тақдим этилди.

Ҳибсхонада аёллар сақланадиган камералар алоҳида ажратилган бўлиб, улар аёл ходимлар томонидан қўриқланади. Мазкур камералар кўздан кечирилганда бир қанча маҳбуслар ҳоли тарзда учрашишни сўрашди. Мурожаат қилган 5 нафар маҳбуснинг масаласи тегишли тартибда ўрганиб чиқилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири