Омбудсман назоратига олинди
Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятидаги 4-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсга нисбатан қийноқ қўлланилаётгани ҳамда ундан мажбурий кўрсатма олинаётгани ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Жамоатчилик эътиборини тортган мазкур ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан зудлик билан назорат ўрнатилди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб турган бир пайтда бундай хабарларнинг ҳар томонлама холис ва қонуний асосда ўрганилиши муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова қонунчиликда белгиланган ваколатлари доирасида тергов ҳибсхонасига бориб, вазиятни жойида ўрганди.
Ўрганиш жараёнида мурожаатда тилга олинган шахс билан холи тарзда суҳбат ўтказилди. Унинг сақланиш шароитлари, мурожаатда келтирилган ҳолатлар, шунингдек, танасида жароҳат аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги атрофлича таҳлил қилинди.
–Ўрганиш давомида мурожаатда кўрсатилган шахс билан бевосита мулоқот қилинди. Барча важлар ва ҳолатлар қонунчилик талаблари асосида ўрганилди, –деди Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан 4-сон тергов ҳибсхонасининг айрим ходимларига нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Шу билан бирга, мурожаатда кўрсатилган шахсга нисбатан суд-тиббий экспертиза тайинланиб, барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.
Тўпланган ҳужжатлар ва ўрганиш материаллари Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ процессуал тартибда кўриб чиқиш учун Бухоро вилоят прокуратурасига тақдим этилди.
Омбудсман ушбу ҳолат бўйича ўрганиш ва текширув натижаларини ўз ваколатлари доирасида мунтазам назорат қилиб боришини маълум қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири