Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсман) Навоий вилоятидаги минтақавий вакили томонидан вилоятдаги 5-сонли жазони ижро этиш колониясига мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Мониторинг жараёнида мазкур муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкум А.Т. (Mubashshir Ahmad)нинг соғлиғи, сақланиш шароитлари ҳамда унга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати ўрганилди. Жумладан, маҳкумлар, шу қаторда А.Т. билан ҳам ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилиб, тиббий ҳужжатлар билан танишилди.
Маҳкум А.Т. муассасада тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлигини, соғлиғи доимий назоратда эканини ва белгиланган тартибда тиббий кўриклардан ўтказиб келинаётганини билдирди. Унинг соғлиғидаги айрим ўзгаришлар аввалдан мавжуд бўлган касалликлар билан боғлиқ экани, ҳозирда тегишли тиббий ёрдам олаётгани қайд этилди.
Шунингдек, у муассасада ўз хоҳишига кўра меҳнат фаолиятига жалб этилгани, қонунчиликда белгиланган меъёрлардан ортиқча меҳнатга жалб этилмаётгани ҳамда меҳнат шароитлари амалдаги талабларга мувофиқлигини маълум қилди.
Озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароитлари бўйича ҳам эътирозлар билдирилмаган. Маҳкумнинг соғлиғидан келиб чиқиб, унга белгиланган нормалар асосида озиқ-овқат берилаётгани таъкидланди.
Маҳкум А.Т. билан ўтказилган ҳоли тарздаги суҳбатда ҳеч қандай мурожаат келиб тушмади.
ЎзА