Гулистон давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман) ташаббуси билан “Ёшлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг таъминланишида давлат кафолатлари” мавзусида "Омбудсман мактаби" лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш масалаларига аҳамият қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг ўринбосари Бекзод Наримонов, омбудсманнинг Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Алимов, Ёшлар ишлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Азиз Турдимуродов ва сўзга чиққан университет профессор-ўқитувчилари мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
[gallery-20664]
Дастлаб ёшлар ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида белгиланган нормаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Конституциядаги ёшлар таълим олиши, уларнинг шахсий ривожланиши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши бўйича кафолатларга оид моддалар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, ёшларнинг омбудсманга юборган мурожаатларида кўтарилган масалалар ва улардан келиб чиқадиган таклифлар муҳокама қилинди. Талабалар томонидан берилган саволлар асосида таълим, ижтимоий ҳимоя, меҳнат ва бошқа соҳаларга оид долзарб масалалар бўйича фикрлашилди.
Талаба-ёшларга жорий йил 15 ноябрда Президент имзолаган Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман) тўғрисида"ги қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида тушунтиришлар берилди. Маърузачилар мазкур қонуннинг 34-моддасида кўрсатилган омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва халқаро шартномалар, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисида аҳолининг билим ва хабардорлигини таъминлашга масъуллиги тўғрисида таъкидланди.
Ғулом Примов,Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари