Омбудсман кўмагида беморга 28,5 миллион сўм ажратилди
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га фуқаро Я.С. акаси Я.Н.да ўткир юрак хасталиги аниқлангани ва уни даволашга ёрдам зарурлиги ҳақида мурожаат қилган.
Мурожаат муаллифининг ёзишича, беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилмаса, аҳволи оғирлашиши мумкин. Беморнинг ижтимоий аҳволи оғир бўлгани сабабли унинг ўзида даволанишга маблағ йўқ.
Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Самарқанддаги минтақавий вакили томонидан ўрганилди. Минтақавий вакилнинг мурожаати асосида беморга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан жарроҳлик амалиёти учун ордер берилди.
Шунингдек, Нарпай тумани ҳокимига мурожаат қилиниб, беморни “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Темир дафтар”га киритиш ва унга харажатлари учун маблағ ажратиш тавсия этилди.
Натижада Я.Н.га 21,5 миллион сўм ажратилди. Бундан ташқари, вилоят кардиология диспансери томонидан беморнинг тўлиқ даволаниш учун 7 миллион сўмлик харажатлари ҳам қоплаб берилди.
ЎзА