Олтинсойликлар референдумни қўллаб-қувватлайди
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида “Янги Конституция – халқ дардига қулоқ солиш давлат асоси” шиори остида аҳоли билан тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зулхумор Хидирова, республика “Оила” маркази бўлим бошлиғи Дилбар Алимжонова, республика “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси, юридик фанлар доктори Феруза Муҳиддинова ва бошқалар янгиланаётган Конституциямизда ўз ифодасини топган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритди.

Янги таҳрирдаги Бош Қомусимизга киритилаётган барча ўзгаришлар аввало инсон қадрини юксалтириш, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлашга қаратилгани, янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг пировард мақсади, бош ғояси ҳам ушбу эзгу халқпарвар мақсадни амалга оширишга йўналтирилгани хусусида фикр алмашилди.

– Янги Ўзбекистонда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат ва жамият ишларидаги иштироки учун кенг имкониятлар яратиш йўлида дадил қадамлар ташланди, – деди юридик фанлар доктори Феруза Муҳиддинова. – Хусусан, илк марта хотин-қизларнинг миллий парламентимиздаги улуши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тавсиясига мос 32 фоизга етди. Аёллар улуши давлат хизматида 33 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида 46 фоизни, таълимда 74 фоизни, тиббиётда 77 фоизни ташкил этмоқда. 2 минг нафарга яқин аёлларимиз давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилмоқда. Янги Конституциямиз лойиҳасига аҳолининг 18 миллиондан ортиғини ташкил этувчи ёшлар масаласига бағишланган махсус боб киритилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олади. Янгиланаётган Конституциямизнинг “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган XIV бобидаги 76-,77,-78-моддаларда бу қоида ва нормалар ёзиб қўйилган.

Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири