Тажриба
Сурхондарё вилоятидаги олий таълим муассасалари кўмагида Олтинсой туманидаги оғир тоифали мактабларнинг таълим-тарбия сифати оширилмоқда.
Янги ўқув йили бошида тумандаги мактабларга педагогик ёрдам кўрсатиш, замонавий таълим методларини жорий этиш, ўқувчиларнинг фанга қизиқишини, педагог кадрлар малакасини ошириш, ёшларни касбий йўналишларни танлашга тайёрлаб, турли касб-ҳунар тўгаракларига жалб этиш учун Термиз давлат университетига 54- ва 55-, Термиз иқтисодиёт ва сервис университетига 44-, Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар университетига 13- ва 12-, Термиз давлат педагогика институтига 5- ва 9- мактаблар бириктирилган эди. Денов тадбиркорлик ва педагогика институти 22-, 30- ва 31- умумтаълим мактаблари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйди.
– Дастлаб мактабларни чуқур ўргандик, – дейди Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори Ойбек Рўзиев. – Педагоглар, ўқувчилар билан очиқ мулоқотлар ташкил этдик. Ҳар бир муаммонинг ечимини изладик. Шунга асосан айни пайтда 30 мактабнинг физика, кимё, биология каби табиий фанлар ўқитиладиган хоналарини ҳамкорликда жиҳозладик. Янги ўқув воситалари, электрон дарсликлар билан таъминлаб, ўқувчиларнинг сифатли сабоқ олиши учун зарур шароитларни яратдик. Бу ўз самарасини бера бошлади.
Мактабда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўғил-қизларнинг олий таълим муассасаларига қамровини кенгайтириш мақсадида битирувчи синф ўқувчилари учун “Абитуриент штаби” ташкил этилиб, унинг телеграмм канали очилди. Бу янгилик битирувчи-ўқувчиларнинг ўзлари танлаётган касб бўйича билимларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан уларга жуда манзур бўлди. Эндиликда “Абитуриент штаби”да ўқувчилар қизиққан фанлардан тест саволлари берилмоқда. Бу саволларга жавобнинг тўғри ёки нотўғрилигини тажрибали педагоглар баҳолаб бормоқда.
– Бундан мақсад мактаб партасидан олийгоҳга тест синовларини ечишга борган ўқувчини ҳаяжон босмайди, – дейди Ойбек Рўзиев. – У барча тест саволларини ўзига ишонган ҳолда еча олади. Ўқувчининг меҳнати зое кетмайди. Бунинг учун мактабга энг тажрибали ўқитувчиларни бириктирдик. Улар ўз фанларидан тест саволларини телеграмм каналга ташлаб бермоқда. Ўқувчилар канал орқали нафақат мактабдаги устозлари, балки институт ўқитувчиларидан ҳам маслаҳат ва тушунчалар олмоқда. Бу эса мактаб битирувчилари учун олийгоҳларга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтишга яқиндан кўмаклашади.
Мазкур мактабдаги биргина физика фани хонасига тажрибалар ўтказиш учун институт 424 та ўқув тажрибаси ўтказилган видеоролик топширди. Лаборатория жиҳозлари ўрнатилди. Биология, кимё фанлари бўйича ҳам ўқув қуроллари, синфхоналарга қўшимча 8 та телевизор, 70 та парта, 10 дона доска ва лаборатория жиҳозлари берилди.
– Тумандаги қатор мактабларни ана шундай жиҳозлар билан таъминлаб, дарсликларнинг электрон вариантини жорий этмоқчимиз, – дея суҳбатни давом эттиради Ойбек Рўзиев. – “Ибрат мактаби” дастурини яратамиз. Бунинг учун биз мактаблардаги муаммоларни ўргандик. Табиий фанлар ўқитувчиларини ҳафтанинг чоршанба куни институтимизнинг фан кафедраларига таклиф этиб, уларга олийгоҳларга кириш истагидаги ўқувчиларни тестларга тайёрлаш учун методик ёрдам беришни йўлга қўйдик. Ана шунда ота-оналар анчагина маблағ сарфлаб, фарзандларини олийгоҳга тайёрлаш учун олис шаҳарларга қўшимча тайёрланишга жўнатмайди. Ўқувчи ўзига керакли билимни мактаб ўқитувчисидан оладиган бўлади.
– Эндиликда ўқувчиларимиз инглиз, турк, хитой, япон, корейс, немис ва бошқа тилларни мактабнинг ўзида ўрганиши учун қулай муҳит яратилмоқда, – дейди тумандаги 30-мактаб информатика фани ўқитувчиси Достонжон Саломов. – Буларнинг барчаси “Ибрат мактаби” дастуридан ўрин олган. Ўқувчилар қайси тилни ўрганишни танлашса бас. Ўқувчиларимиз ўзлари истаган хорижий тилни дастур асосида ўрганмоқда. Бундай имконият, яъни институт ва мактаб ҳамкорлиги йўлга қўйилганидан барча устозлар ҳамда ота-оналар, ўқувчиларимиз миннатдор бўлмоқда. Бу ишлар мувофиқлаштириб борилмоқда. Натижада ўқувчиларимизнинг чуқур билим олиши учун кенг имконият яратилмоқда. Бу хайрли ташаббус келгусида ўқувчиларимизнинг фан олимпиадаларида, нуфузли халқаро танловларда муносиб ўрин эгаллаши учун пиллапоя бўлиб хизмат қилади.
Мактабда олий ва умумтаълим муассасалари ҳамкорликда амалга ошираётган ишлар билан вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов танишиб, бу тажриба яхши самара беришини қайд этди. “Ибрат мактаби” дастури доирасида 30 мактабдаги информатика хонаси компьютерларига еттита хорижий тилларни ўрганувчи дастур жойлаштириб берилганини юқори баҳолади.
Шу куни вилоят раҳбари ҳар бир мактабда олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик самарадорлигини муҳокама этиб, уларнинг ўқув жараёнига таъсирини таҳлил қилди. Мактаблар ва вилоятдаги олий таълим муассасалари ўртасидаги бу ҳамкорлик ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда ўқувчиларнинг таълим сифатини яхшилашга эътиборни кучайтириш юзасидан тегишли тавсияларни берди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири