Олтинсойда 45 минг тонна узум етиштирилди
Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани узумчилик ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Жорий йилда тумандаги 5,5 минг гектар узумзордан 45 минг тонна ҳосил олинди. Бу вилоятда етиштирилган жами узум ҳосилининг салмоқли қисмини ташкил этади.
Олтинсойда узумчилик азалдан деҳқончиликнинг муҳим тармоқларидан бири бўлиб келган. Хусусан, туманнинг Гулистон маҳалласида қарийб ярим асрдан буён авлоддан-авлодга ўтиб келаётган оилавий узумзорда бугун ҳам мўл ҳосил етиштирилмоқда.
Мазкур боғда асосан тоифи навли узум парваришланади. Бу нав ўзининг таъми, кўриниши ва тегишли шароитда узоқ муддат сақланиши билан ажралиб туради.
Воҳа иқлимининг қулайлиги, деҳқонларнинг кўп йиллик тажрибаси ҳудудда узумчиликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда Олтинсой туманида узумнинг 10 дан ортиқ нави етиштирилади. Йиғиб олинган ҳосил ички бозорларга етказиб берилиши билан бирга, қайта ишлаш корхоналари учун ҳам муҳим хомашё манбаи бўлмоқда.
– Олтинсой туманида узумчилик қишлоқ хўжалигининг етакчи йўналишларидан бири, - дейди туман ҳокимлигининг масъул ходими Отабек Хўшбоқов. – Жорий йилда вилоятдаги 10,3 минг гектар узумзордан 70 минг тоннадан ортиқ ҳосил олинди. Шундан 45 минг тоннаси туманимиз ҳиссасига тўғри келади.
Соҳани ривожлантириш, етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш ва инвестициялар жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2025 йилда узумчилик йўналишига 3 миллион доллар инвестиция киритилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 5 миллион долларга етди. Йил якунига қадар бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.
[gallery-32122]
Туманда узумчиликнинг ривожланиши аҳоли бандлигини таъминлаш, деҳқон ва фермер хўжаликлари даромадини ошириш, қайта ишлаш тармоғини кенгайтириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА