Олтинкўл туманида чигит униб чиқди
Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Qadir textile claster" масъулияти чекланган жамияти кластер корхонаси дала майдонларида чигит униб чиқди.
Пахтачилик соҳасида Андижонда улкан тажриба мактаби яратилган. Плёнка остига чигит экиш, ҳосилни эрта етиштириш, сифатли ҳосил олишда, айниқса, олтинкўллик пахтакорларнинг ўзига хос анъаналари бор. Шу боис ҳам туман пахтакорлари кўп йиллардан буён пахтадан мўл ҳосил етиштириб келади.
“Qadir textile claster" масъулияти чекланган жамияти кластер корхонаси мутахассис ва деҳқонларининг самарали меҳнати натижасида нафақат туманда, балки вилоятда биринчилар қатори ерга қадалган чигитдан бир текис кўчат ундирилди. Жорий йилда кластер корхонаси томонидан 147 та фермер хўжалиги билан тузилган шартномалар асосида 4 минг 992 гектар майдонга плёнка остига “Андижон-37”, “УзПИТИ-2003” чигит навларини экиб, парваришламоқда.
Қилинаётган меҳнатларнинг дастлабки самараси юз кўрсатди. Далаларда чигит бир текис бўлиб униб чиқди. Айни пайтда кластер корхонаси мутахассислари, қишлоқ хўжалиги бўлими ходимлари томонидан ғўза майдонларини зараркунандаларга қарши курашиш воситалари билан таъминлаш, чигит униб чиққан майдонлардаги ғўза ниҳолларига комплекс ишлов бериш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-6473]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат) ЎзА