Олтиариқ узуми Америка савдо марказларида сотилмоқда
Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасида мамлакатимизда жуда катта салоҳиятга эга. Айни пайтда вилоятда етиштирилаётган гилос, узум, ўрик, шафтоли, анор, хурмо, қовун каби маҳсулотлар жаҳон бозорида тобора харидоргир бўлаётгани қувонарлидир.
Хусусан, Олтиариқ тумани узум етиштиришда катта тажрибага эга. Бу ердаги аксарият хонадонларда ўзига хос таъмга эга бўлган узум навлари етиштирилади.
Вилоятдаги 8 минг 288 гектар токзорлардан 3 минг 284 гектари айнан Олтиариқ туманида жойлашган. Жорий йилда вилоятда етиштирилган 208 минг 400 тонна узум ҳосилининг 61 минг 800 тонна қисми ҳам мазкур туман ҳиссасига тўғри келади. Олтиариқ узумлари ташқи бозорда харидоргир.
Эндиликда бу ерда етиштирилган узумлар АҚШ бозорига ҳам кириб борди. Гап шундаки, тумандаги “Sherakhun” хусусий корхонаси томонидан жорий йил ноябрь ойи бошларида синов тариқасида АҚШга юборилган 1 тонна узум “NetCost” озиқ-овқат савдо марказлари тармоғининг Нью-Йорк нуқталарига қадоқланиб тарқатилди ва икки куннинг ичида ўз харидорини топди. Бу жараёнда АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти ва Озиқ-овқат маҳсулотларининг санитар назорати бошқармаси (FDA) томонидан Олтиариқ узумларининг экспорт учун мева карантин талабларига мослиги ўрганиб чиқилди ва ижобий хулоса тақдим этилди.
[gallery-15107]
Бундан келиб чиқиб, Америкадаги йирик супермаркетлар билан ҳамкорлик қилувчи “E.L.A. Superior Produce Inc.” компанияси билан “Sherakhun” хусусий корхонаси ўртасида доимий экспорт шартномаси имзоланди. Шартномага кўра, дастлабки партияда 250 тонна Олтиариқнинг “Келин бармоқ” навли узуми самолётларда етказиб берилади ва бу доимий давом этади. Америка компанияси келажакда тезкор етказиб беришни таъминлаш мақсадида Олтиариқ туманида FDA лицензиясидан ўтган АҚШ мева-сабзавот базасини яратиб, у ернинг ўзида хорижий стандарт талаблари асосида карантин рухсатномаси расмийлаштирилиши ва қадоқлаш тизимини йўлга қўйиш учун сармоя киритишга қарор қилди.
Тадбиркор Шавкатжон Алиқулов раҳбарлигидаги “Sherakhun” хусусий корхонаси Россия ва Беларусь давлатларига ҳам Олтиариқ узумларини экспорт қилиб келади. Айниқса, Беларусь бозорига жорий йил бошида жадал кириб бориб, ҳозир ушбу мамлакатдаги “Доброном”, “Соседи”, “Корона”, “Грин” каби 7 та йирик супермаркет тармоқларига доимий узум етказиб берилмоқда. Хусусий корхона томонидан Олтиариқда барпо этилаётган 400 тонна ҳажмдаги мева-сабзавот омбори янги йилга қадар ишга туширилади.
Мамлакатимизда узумчиликни ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлдаги “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўтган даврда 48 та узумчиликка ихтисослашган туманда 106 минг гектарда токзор барпо этилди. Европадан 34 та янги, данаксиз узум навлари келтирилди. Соҳани давлат давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун уч йилда 183 миллиард сўм субсидия ажратилди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров(сурат),
ЎзА мухбирлари