Олой бозорининг замонавий қиёфаси
Тошкентнинг Олой деҳқон бозорига нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонлар ҳам кўп киради. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилган бозорга кирган киши бугун уни танимай қолиши мумкин.
Тошкентнинг Олой деҳқон бозорига нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик меҳмонлар ҳам кўп киради. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида кенг кўламли реконструкция ишлари олиб борилган бозорга кирган киши бугун уни танимай қолиши мумкин.Умумий майдони 4 гектарни ташкил этадиган бозорга кираверишдаги эски арка олиб ташланиб, атрофи анча кенгайтирилган, кўкаламзорлаштирилган. Янги қиёфа яратишда Шарқ ва Ғарб бинокорлиги анъаналаридан кенг фойдаланилган, миллий ҳунармандликка алоҳида урғу берилган.
Бугун Олой деҳқон бозори пойтахтимизнинг энг кўркам жойларидан бирига айланди. Аввалги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари расталари ўрнига 464 жойдан иборат янги павильон барпо этилди. Янги қурилган 80 метрли савдо мажмуаларида гўшт, тухум, сут ва балиқ маҳсулотлари ҳамда шарқона ширинликлар учун алоҳида жойлар ажратилган.
– Шундай замонавий ва қулай бозор қурилганидан хурсандмиз, – дейди бозорда анча йиллардан бери савдо қилиб келаётган Жума Эшниёзов. – Буларнинг барчаси мустақиллигимиз шарофати, Юртбошимизнинг халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш борасида кўрсатаётган доимий ғамхўрлиги самарасидир.
Бозор ҳудуди кўкаламзорлаштирилиб, раста ва павильонлар атрофига 60 мингдан кўпроқ турли гул кўчатлари экилди. Омборхоналар, банк бўлимлари, маиший хизмат кўрсатиш масканлари харидорлар учун қулайлик бўлса, қандолатпазлар ва новвойлар учун ҳам алоҳида жойлар қурилгани бундай маҳсулотларни харидор кўз ўнгида тайёрлаш имконини бераётир.
– Чак-чак, нишолда ва турли-туман ҳолваларни тайёрлашимиз учун бизга барча шароит яратиб берилган, – дейди қўқонлик қандолатчи Элёр Ёқубов. – Олтита шогирдим кўмагида шу ерда ҳар куни 30 килограммлик қозонда нишолда пишириб, сотаяпмиз. Ҳолваларни мижозлар талабига кўра майизли, ёнғоқли, хурмоли қилиб тайёрлаб бераяпмиз.
Аҳоли турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари ҳақида холис тасаввур, аввало, бозорларда шаклланади. Юртимизда бундай масканларни янада обод қилиш, сотувчи ва харидорларга қулайлик яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. “Тошбозорсавдо” уюшмаси тизимида 12 деҳқон бозори, битта қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори, 2 ихтисослаштирилган бозор, олтита савдо мажмуаси мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси босқичма-босқич замон талабларига мослаштирилаётир.