Олотнинг “Ёш китобхон”лари аниқланди
Бухоро вилояти Олот туманида ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, мустақил фикрлаш қобилияти ҳамда маънавий дунёқарашини ривожлантиришга қаратилган “Ёш китобхон” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танлов мамлакатимизда ёшларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, китоб мутолаасига бўлган қизиқишни кучайтириш ҳамда китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётган энг оммабоп ва нуфузли лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Танловнинг асосий мақсади болалар ва ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини шакллантириш, уларни бадиий ва илмий адабиётларни мунтазам ўқишга ундаш, шунингдек, ёшларнинг билим савияси ва дунёқарашини янада кенгайтиришдан иборатдир.
Беллашув жараёнларида иштирокчилар белгиланган ёш тоифалари бўйича ўзларининг китобхонлик маҳорати, ўқилган асарлар мазмуни бўйича билимлари, таҳлил қилиш ва фикр билдириш қобилиятларини намойиш этди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан иштирокчиларнинг чиқишлари холисона ва адолатли баҳоланди.

Танлов натижаларига кўра, ғолиблар 10–14 ёш тоифасида – Ўзбекистон маҳалласидан Бахмалой Худойбердиева, 15–19 ёш тоифасида – Бўстон маҳалласидан Мадина Шомуродова, 20–30 ёш тоифасида – Ўзбекистон маҳалласидан Маҳлиё Худойбердиева фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Тадбир якунида ғолиб ҳамда фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шу каби маънавий-маърифий тадбирлар ёш авлоднинг китобга бўлган меҳрини ошириш, уларни билимли ва маънан етук инсонлар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.