Олмаотада ўзбек шоирининг китоби тақдимот қилинди
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Жамбил номидаги кутубхонада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Дўстлик» ордени соҳиби, таниқли шоир Шуҳрат Орифнинг қозоқ тилида нашр этилган «Кешіккен самалдар» («Кечиккан саболар») китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда икки мамлакат ижодкорлари, олимилар, адабиётшунослар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тақдимот маросимини Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти Бош котибининг маслаҳатчиси, мазкур китоб таржимони Муратхан Шоқон олиб борди.
Анжуманда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Қосимхан Бегманов, Ўзбекистон Республикасининг Олмаота шаҳридаги Бош консули Равшанбек Матчанов, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси Шеърият кенгаши раиси Адилғази Қайирбеков, «Ана тілі» газетаси бош муҳаррири Ерлан Жунус ва бошқалар сўзга чиқиб, ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги адабий ҳамкорлик изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидладилар. Қайд этилганидек, янги тўпламнинг нашр этилиши азалдан муштарак бўлган дўстлик анъаналарининг узвий давоми бўлиб, туркий халқлар адабиётини ўзаро бойитишга хизмат қилади.
Адабиёт байрамига айланган тадбир доирасида талабалар томонидан муаллиф шеърларидан намуналар ўқилди, бастакор Мурат Ширзад ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. Қозоқ ижодкорлари ўзбек шоирининг ижоди нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада юксак эътироф этилаётганини эътироф этдилар.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Шуҳрат Ориф ўзбек адабиётини хорижда фаол тарғиб қилиб келаётган ижодкорлардан биридир. Унинг шеърлари шу кунгача 10 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Хусусан, 2025 йилда шоирнинг «Mavi erk» китоби Анқарада, «44-куз» тўплами Бишкекда ҳамда «The Flying Leaf» («Учаётган япроқ») китоби инглиз тилида Деҳли шаҳрида чоп этилган эди.
ЎзА