Олмалиқда “Қурувчилар боғи” очилди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати нафақат ишлаб чиқариш соҳасида, балки ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш борасида ҳам фаол. Бу борада амалга оширилаётган ишлар бардавомлик касб этиб, ОКМК томонидан Олмалиқ шаҳар, Интизор кўчасида “Қурувчилар боғи” бунёд этилди.
Боғнинг очилиш маросимида ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Унда таъкидланганидек, бир пайтлар ташландиқ ҳолга келиб қолган “Қурувчилар боғи” эндиликда олмалиқликларнинг севимли гўшасига айланади.
Комбинат “Яшил макон” лойиҳасининг фаол иштирокчиси, “Яшил ҳаёт учун” ғоясининг фаол тарғиботчиси бўлишда давом этмоқда. Мазкур боғнинг ОКМК томонидан фойдаланишга топширилиши Ўзбекистон кончилик-металлургия саноати ходимлари куни байрами арафасида Олмалиқ шаҳри аҳолисига ўзига хос туҳфа бўлди.
Қурилиш ишлари 2023 йилда бошланган бўлиб, ҳудуд қиялик бўлгани учун тупроқ тўкилиб, текисланди. Электр энергияси тортилиб, қудуқ қазилди. Боғда амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида 3 минг 150 туп кўчат, 25 минг туп турли гуллар экилди.
Мазкур ҳудуднинг умумий майдонни 7,5 гектар бўлиб, қуёшдан қувватланадиган ёритгичлар ва дам олувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ўриндиқлар ўрнатилди. Шу билан бирга, 1 минг 300 метр бетон йўлаклар ётқизилиб, боғ атрофи тўсиқлар билан ўралди. Шунингдек, боғда болалар майдончаси ҳам барпо этилди.
Бундан ташқари, боққа комбинат корхоналарининг тарихи, фаолияти, меҳнат фахрийлари ва аввал ишлаган раҳбарлар, маҳсулотлар ҳақида маълумот берувчи паннолар ҳам қўйилди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири