Олмалиқда байрам шодиёналари кўтаринки руҳда ўтди
Ўзбекистон Республикаси Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси томонидан байрамона кайфият билан кутиб олинди. Шу муносабат билан ОКМК спорт мажмуасида эстрада юлдузлари иштирокидаги катта гала концерт дастури ташкил этилди.

Тадбирда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва ОКМК бошқарув раиси Абдулла Ҳурсанов барчани айём билан табриклаб, ўзларининг самимий тилакларини билдирди. Шундан сўнг 21 нафар фаол ишчи-ходимлар турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари билан мукофотланди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Ўзбекистон халқ артистлари Марям Сатторова ва Гулсанам Мамазоитова ижросидаги дилрабо тароналардан баҳраманд бўлди.


Олмалиқ шаҳар марказида халқ сайли 600 нафар ёшлар иштирокидаги марафон билан бошланди. Халқ сайлида комбинат таркибий бўлинмалари ишлаб чиқаришда эришган ютуқлари, корхоналарнинг маҳсулотлари, ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган технологик қурилмалар ва тарихи бўйича кўргазмаларни намойиш этди.

– Байрам жуда қизиқарли ташкил этилган, – дейди Руҳ заводи фахрий ишчиси Абдувоҳид Муслимов. – Шу соҳада иш бошлаганимга 31 йилдан ошди. Шу давр мобайнида соҳадаги ўзгаришлар, замонавий тажрибаларни амалда қўллаб келдик. Кўплаб шогирдлар чиқардим. Комбинат томонидан Иккинчи ва Учинчи даражали меҳнат қаҳрамони унвонлари билан тақдирландим. Касбим ортидан оилам фаровон. Бундан кейин ҳам қўлдан келганча соҳада меҳнатим билан юртимиз равнақига ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

Тадбирда турли спорт мусобақалар ҳам ташкил этилди. Жумладан, ОКМК ходимлари Касаба уюшмаси Кенгаши жисмоний тарбия ва спорт бўлими томонидан ташкил этилган арқон тортиш, стол тенниси, белбоғли кураш, бокс, шахмат ва шашка каби мусобақалар ҳам қизиқарли курашларга бой бўлди.
– Охирги йилларда жамоамиз 9 карра Ўзбекистон чемпиони, бир бор Ўрта Осиё кубоги соҳиби бўлди, – дейди ОКМК Гандбол жамоаси аъзоси, Тошкент вилояти Гандбол федерацияси раҳбари Элёр Эшбоев. – Жорий йил ҳам жамоамиз олий лига баҳсларида яхши қатнашмоқда. Йил сайин мазкур спорт турига ёшлар орасида қизиши ортмоқда.

Тадбир давомида комбинат таркибий бўлинмалари томонидан ташкил этилган кўргазмалар турли номинациялар бўйича қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Байрам тадбирлари давомида кўп йиллар меҳнат қилган 653 нафар ишчи-ходимларга “Меҳнат фахрийси” унвони ҳам тақдим этилди.
Шунингдек, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва саховат уйларида ҳам байрам дастурхонлари ёзилди. Олмалиқ шаҳридаги “Марҳамат” тантаналар мажмуида комбинат меҳнат фахрийлари учун Республика кончилик ва металлургия саноати фахрийлари кенгаши ҳамда ОКМК ҳамкорлигида байрам тадбири ўтказилди.

2024 йилнинг 15 октябрь куни Президентимизнинг Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи давомида 4-мис бойитиш фабрикаси қурилишига старт берилди. Бу лойиҳа орқали йилига 146 минг тонна катодли мис ва бошқа қимматбаҳо металларни олиш қувватлари яратилади. Фабрика ва унинг инфратузилмаларида 3 мингдан ортиқ киши ишлайди.

Янги фабриканинг ишлаб чиқариш жараёнида юқори технологик, экологик хавфсиз ва тежамкор технологиялар қўлланилади. 2025 йил 25 февраль куни Жиззах вилояти, Фориш туманидаги ОКМКда “Ёшлик-I” конини ўзлаштириш инвестициявий лойиҳаси доирасида Янги оҳак заводи қурилишига старт берилди. 2025 йил февраль ойида Sustainable Fitch рейтинг агентилиги томонидан ОКМКга ESG рейтинги берилди.
А.Мусаев, ЎзА.