“Олмалиқ КМК”: Янги лойиҳалар, рақамлаштириш ва самара
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан ОАВ вакиллари ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди. Унда иштирокчилар жамиятда рақамлаштириш, маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Иштирокчилар жамиятга қарашли “Қалмоққир” ва “Ёшлик-1” конларида бўлди. Маълумот берилганидек, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ технологик ишлаб чиқариш занжирининг бошланғич нуқтаси бўлган Қалмоққир карьери жуда қулай географик ва иқтисодий шароитга эга Олмалиқ-Aнгрен саноат минтақасида жойлашган.


– Қалмоққир кон бошқармаси йирик кончилик корхоналаридан бири, – деди «Олмалиқ КМК” АЖ бошқаруви раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Умида Қаршибоева. – Карьернинг қурилиши 1954 йилда бошланган, 1959 йил 1 июлда эса Қалмоққир конидан илк маротаба маъдан юкланди ва ўша вақтдан бери мунтазам равишда белгиланган башорат кўрсаткичлари бажариб келинмоқда. Ҳозирги вақтда коннинг узунлиги 4000 метр, кенглиги эса 2000 метрдир. Ушбу кондан ўтган йили 38 миллион 800 минг тонна руда қазиб олинган. Бу йил эса 34 миллион тонна руда қазиб олиниши белгиланган.
“Ёшлик-I” кони ҳақида гап кетганда, унинг ўзлаштириш лойиҳаси Президентимизнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ амалга оширилаётир. Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига 105 миллион тонна руда қазиб олиш қувватига эга кон, 60 миллион тонна руда қайта ишлаш имкониятга эга янги 3-сонли Мис бойитиш фабрикаси, 50 миллион тонна руда қайта ишлаш имкониятга эга янги 4-сонли Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш заводи ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилади. Бундай ўзгаришлар туфайли 6 мингдан зиёд янги иш ўрни вужудга келади.


Бугунги кунда жамиятда рақамлаштириш ишлари ҳам тизимли амалга оширилмоқда. Унга кўра, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида “Рақамли ОКМК – 2030” концепцияси тасдиқланди.
– Концепцияга мувофиқ белгилаб қўйилган вазифалар захира маълумотлар марказини яратишни ҳисобга олган ҳолда мавжуд сервер инфратузилмасини, ОКМКнинг таркибий бўлинмаларида маҳаллий ҳисоблаш тармоғини, мавжуд компьютерлар базасини ва алоқа тизимларини модернизация қилиш ишларини қамраб олади. Шу билан бирга, комбинатнинг узоқ масофада жойлашган корхона ва бўлинмалари ҳам ягона корпоратив тармоққа уланади.


Бу эса, мувозанатли, юқори унумдорликка эга, хатоларга ва офатларга чидамли маълумотлар марказининг ишлашини таъминлайди ҳамда комбинатнинг таркибий бўлинмаларида корпоратив ахборот тизимлари ва хизматларидан фойдаланиш, барча маълумот алмашинувларини ягона рақамли алоқа майдонига бирлаштириб, ахборот алмашиниш тезлигини таъминлайди, – деди У. Қаршибоева.
Иштирокчилар рақамлаштириш, маҳаллийлаштириш ва инвестиция дастурлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА