Олий таълимда талабаларнинг энг катта қисмини 19 ёшлилар ташкил этади
Бугунги кунда Ўзбекистонда олий таълим билан қамраб олинган ёшлар сони ортиб, талабаларнинг ёш таркиби ҳам кенгайиб бормоқда. Олий таълим муассасаларида нафақат мактабни яқинда тамомлаган ёшлар, балки катта ёшдаги фуқаролар ҳам таҳсил олмоқда.
2025/2026 ўқув йилида Ўзбекистонда филиаллар билан бирга 215 та олий таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Ушбу олий таълим ташкилотларида эса таҳсил олаётган талабалар сони қарийб 1,5 миллион нафарни ташкил этган.
Ёш тоифалари бўйича таҳлил қилинганда, талабаларнинг энг катта қисми 19 ёшлилар ҳиссасига тўғри келади. Ушбу ёшдаги талабалар сони 220 598 нафарни ташкил этган. Шунингдек, 18 ёшлилар 200 578 нафар, 20 ёшлилар эса 207 146 нафарни ташкил қилган.
21 ёшли талабалар сони 179 230 нафар бўлса, 22 ёшдагилар 116 890 нафарни ташкил этган. 23 ёшли талабалар 81 400 нафар, 24 ёшлилар 60 409 нафар, 25 ёшлилар эса 49 377 нафарни ташкил қилган.
Катта ёшдаги талабалар улуши ҳам алоҳида эътиборга молик. Жумладан, 26–29 ёш тоифасида 136 855 нафар, 30–34 ёшда 122 742 нафар, 35–39 ёшда 69 224 нафар талаба таҳсил олмоқда. 40 ёш ва ундан катта ёшдаги талабалар сони эса 53 483 нафарга етган.
Шунингдек, олий таълим ташкилотларида 17 ёш ва ундан кичик бўлган 37 074 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Мазкур кўрсаткичлар олий таълимга интилаётганлар орасида турли ёш тоифалари вакиллари борлигини кўрсатади. Бу эса таълим олишга бўлган эҳтиёж ёш билан чекланмаслиги, билим ва касбий салоҳиятни оширишга интилиш инсон ҳаётининг турли босқичларида давом этишини намоён этади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА