Олий таълим соҳасида рақамлаштириш истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммникаиялар агентлигида Олий таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида «Олий таълим соҳасида рақамлаштириш: натижалар ва истиқболдаги вазифалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Бугунги кунда олий таълим муассасаларидан олинадиган турли ҳисобот ва маълумотлар сонини кескин камайтириш, уларни тайёрлашнинг қоғоз шаклидан воз кечиш, бошқарув тизимини рақамлаштириш мақсадида Рақамли университет лойиҳаси доирасида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” ишлаб чиқилди. Ушбу ахборот тизими “Маъмурий”, “Ўқув”, “Илмий” ва “Молиявий” жараёнларини бошқариш модулларини ўз ичига олади.
Матбуот анжуманида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб мазкур тизимни босқичма-босқич олий таълим муассасаларида жорий этиш орқали: “Ўқув жараёни” модулида гуруҳ журнали, дарс жадвали, имтиҳонлар жадваллари, талабанинг рейтинг дафтарчаси, ўзлаштириш қайдномалари, давомат ҳисоботлари, диплом ва академик маълумотномалар рақамлаштирилади. Шунингдек, “Маъмурий жараёни” модулида олий таълим муассасаси структураси, талабалар контингенти ва уларнинг ҳаракати, профессор-ўқитувчилар таркиби тўғрисидаги маълумотларни юритиш ҳамда ҳисоботларни тайёрлаш рақамлаштирилади. Бундан ташқари, “Илмий жараён” модулида профессор-ўқитувчиларнинг илмий лойиҳалари, мақолалари ва илмий-услубий нашрлари, илмий изланувчилар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда ўқитувчилар ва кафедраларнинг илмий рейтингини баҳолаш масалалари рақамлаштирилади.
– Ахборот тизимининг “Ўқув жараёни” модули 2020/2021 ўқув йилида кредит-модуль тизимига ўтказилган 50 та давлат ОТМда жорий этилди. Шунингдек, “Маъмурий жараён” модули республика бўйича барча ОТМда жорий этилди ҳамда 30 402 нафар ўқитувчи ва 656 502 нафар талаба тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилди, – дейди олий таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов. – 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб барча давлат ОТМда талабалар ўқув варақаси, гуруҳ журнали, рейтинг дафтарчаси, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари ҳамда айланма варақалари рақамлаштирилади. Ўн мингта талабаси мавжуд ОТМда қоғоз кўринишида юритиладиган ҳужжатлар бекор қилиниши ҳисобига бир ўқув йилида ўртача 90 млн. сўмгача бўлган маблағ иқтисод қилинади.
Анжуманда билдирилган фикрларга кўра, ахборот тизими ОТМнинг миллий рейтинги онлайн ҳисоботларини шакллантириш орқали уларнинг фаолиятини онлайн режимда таҳлил қилиб бориш имкониятини беради. Шунингдек, Олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари талаба ва ўқувчиларининг ягона маълумотлар базаси Молия вазирлигининг “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”, Меҳнат вазирлигининг “Ёшлар дафтари”, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Геоахборот тизими, Халқ таълим вазирлигининг “attestat.edu.uz” тизими, Электрон ҳукуматнинг ягона идоралараро тармоғи билан интеграция қилинди.
Анжуман давомида талабаларнинг тўлов-контракт пулларини тўлашдаги қулайликлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб талабаларнинг QR-кодли тўлов-шартномаларини шакллантириш имконияти яратилди. Биринчидан, Марказий банк ва Молия вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги QR-кодли тўлов-шартномаларини ўзаро тан олиши келишилганлиги натижасида талабалар ва уларнинг ота-оналари 2021/2022 ўқув йилидан жорий этилган имтиёзли таълим кредитларини республиканинг исталган ҳудудидаги белгиланган тижорат банкларидан олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Иккинчидан, ОТМда тақдим этилган тўлов-шартнома тўловлари мониторинги юритилади. Учинчидан, талабалар ўзларининг профиллари орқали тўлов-шартномалари учун буюртма бериш, уларни онлайн кўринишда олади ва тўловлар мониторингини олиб боради. Бундан ташқари, талабаларга тўлов-шартномаларини қоғоз кўринишида ОТМдан бориб олиш билан боғлиқ маъмурий тўсиқлар (навбатда туриш, транспорт харажатлари) учун сарфланадиган вақт ва харажатлар иқтисод қилинади.
Анжуман якунида онлайн қабул тизимлари, унинг абитуриентларга берган афзалликлари, диплом маълумотларини рақамлаштириш, рақамлаштириш бўйича режалаштирилган лойиҳалар, рақамли кутубхона тўғрисида ҳақида ҳам сўз юритилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА