Олий таълим ривожи – келажагимиз пойдевори
Глобаллашув шароитида мамлакатимизнинг келажагини ташаббускор, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда таълимнинг барча бўғинлари ривожига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди.
Концепцияда мутахассисларни меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар бўлишига қаратилган чоралар белгиланган. Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш, олий таълим билан қамров даражасини ошириш ҳам назарда тутилган.
Президентимиз раислигида жорий йил 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида айнан юқорида қайд этилган концепция доирасида талайгина ишлар амалга оширилгани қайд этиб ўтилди.
Жумладан, кейинги 3 йилда олий таълим муассасалари сони 65 тадан 117 тага етди. Қабул ўринлари 66 мингтадан 181 мингтага ошди. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 янги касб бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 3,5 бараварга оширилди.
Соҳани сифат жиҳатидан янги поғонага кўтариш эса бугунги куннинг кечиктириб бўлмас вазифаларидандир. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари соҳадаги 4 устувор вазифани кўрсатиб ўтди.
Биринчиси, олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш бўлса, иккинчиси ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратишдир.
Ўз навбатида, олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш ҳам устувор вазифалардан ҳисобланади.
Бу вазифаларни бажариш учун эса, ҳар бир олий ўқув юрти, унинг бошқарув тизимидан тортиб, профессор – ўқитувчилари, таълим жараёнини ташкил этишга дахлдор бўлган ҳар бир ходими ўз вазифаларига масъулият билан қараши шарт. Зеро юртбошимиз таъкидлаганидек, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатининг берилиши масала ечимига қаратилган энг тўғри йўлдир. Айнан ўқув жараёнини ташкил этишда ўқув режаси ва адабиётлар, фан дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳамда таълим шаклларини белгилашни таълим муассасаси бошқарув кенгашига берилиши ва ҳал этилиши ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш учун замин яратади.
Шу ўринда бугунги кундаги 815 йўналишнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермаётгани, айрим йўналишлар бўйича тайёрланаётган кадрлар амалиётда ўз ўрнини топа олмай, бутунлай бошқа соҳаларда ишлаётганлиги бугунги куннинг оғриқли нуқталаридан биридир.
Демак, энди олий маълумотли кадрларни тайёрлашнинг мақсадли мезонларини шакллантириш, олий таълим муассасаларидаги ихтисослик йўналишлари, мутахассисликларни ҳудудлар, соҳалар бўйича жорий этилаётган дастурларнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда белгилашни тақоза этади.
Республикамиз олий ўқув юртлари ичида Тошкент давлат юридик университети кредит модуль тизимини қўллаган, молиявий мустақиллик, яъни ўзини-ўзи молиявий жиҳатдан қоплаш тизимига ўтган.
Буюк Британиянинг олий таълим соҳасига оид муҳим масалаларни ёритувчи ва университетлар фаолиятини баҳолаб борувчи Times Higher Education ташкилоти THE Impact Ranking рейтинги натижалари бўйича университет дунёнинг 94 та минтақа ва давлатларидан қатнашган минглаб университетлар орасида 401-ўринни эгаллаган.
Коррупцияни олдини олиш мақсадида талабаларнинг фан модулларини ўзлаштириш натижаларини аниқлаш бўйича оралиқ, якуний назорат ишлари кодлаштирилиб, тўлиқ рақамлаштиришга ўтказилган. Шу билан бирга университетга ўқишга қабул қилиш жараёнида инсон омилини, яъни ўқишга аризани қабул қилишдан тортиб тест синовларини топшириш, уларнинг жавобларини олишгача бўлган жараёнда университет профессор-ўқитувчиларининг, ходимларининг иштирокисиз амалга оширилишини жорий қилган олий ўқув юртларидан биридир.
Бугунги кунда университет жамоаси олдида ҳар бир кафедранинг фаолияти унинг илмий салоҳияти ва ёшларни селекция асосида илмий фаолиятга жалб этиш кўрсаткичларига қараб баҳоланиши йўлга қўйилиши, кафедралар ҳузурида илмий-тадқиқот марказлари ташкил этиб, уларни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва зарур техника билан таъминлаш вазифаси турибди.
Профессор ўқитувчиларнинг хорижий давлатларнинг нуфузли таълим муассасаларида малака ошириши, хорижий давлатларнинг етук кўзга кўринган олимларини ўқув жараёнларига маърузалар, вебинарлар ўтказиш учун жалб қилишга эътибор кучайтирилмоқда. Университетни халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингига кириши учун бор имкониятлар ишга солинади.
Х.БУРҲОНХЎЖАЕВА,
ТДЮУ доценти.
ЎзА