Олий судда Абдулла Орипов шеърияти
Шу кунларда республикамиз бўйлаб ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов таваллуди куни кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида жойларда кўплаб тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Шу муносбат билан Ўзбекистон Республикаси Олий судида тадбир бўлиб ўтди. Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тингланди ва шоир ҳаётига оид видеролик намойиш этилди.
Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Муҳтарама Улуғова Абдулла Ориповнинг заҳматли ҳаёти ва ижоди ҳақида тўхталди. Алишер Навоий ҳазратларидан сўнг, орадан беш юз йил ўтиб, адабиётимиз осмонида ярқираб пайдо бўлган юлдуз, дея таърифланган Абдулла Орипов шеърияти нақадар бетимсол ва қудратли уммон эканидан далолатдир.
Тадбирда Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, шоирнинг шогирдларидан бири Муҳаммад Исмоил сўзга чиқиб, Абдулла Ориповнинг даҳоси адабиёт ва шерият сингари мангу эканлиги, ўзбек деган миллат ёруғ жаҳонда мавжуд экан, Абдулла Орипов исм ва шеърияти ҳам абадий яшажагини эътироф этди. Устозга бағишланган шеърларидан ўқиди.
Дарҳақиқат, шоирнинг ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ҳақида ҳали кўп гапирилади.
Тадбир якунида “Одил судлов” – “Правосудие” журналининг 25 йиллик юбилей байрами муносабати билан шахмат бўйича судья ва суд ходимлари ўртасида ўтказилган “Олий суд раиси кубоги”нинг финал босқичи ғолиблари тақдирланди.
З. Қўзибоев,
Олий суд бошқарма катта консультанти