Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда судьялар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Олий суд раиси Бахтиёр Исломов бошқарган йиғилишда қонун устуворлигини таъминлаш йўлида кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилгани алоҳида қайд этилди.
Суд мустақиллиги ва одил судлов институтини янада мустаҳкамлаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш борасидаги ислоҳотларни қатъий давом эттириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.
Йиғилишда Олий суд пленумининг бир қатор қарорлари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ суд амалиётида Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш бўйича зарур асосларни яратиш мақсадида ягона суд амалиёти тўғрисидаги Олий суд пленуми қарорини қабул қилиш белгиланди.
Шу мақсадда «Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги пленум қарори ишлаб чиқилди.
Унда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида, унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини инобатга олиб, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.
Суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида, Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлгани аниқланса, фақатгина Конституция нормаларига асосланилиши лозимлиги қайд этилди.
Фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда, айниқса, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиққан низоларни фирибгарлик жиноятларидан фарқлашда англашилмовчиликлар келиб чиқаётгани туфайли ҳамда қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори янги таҳрирда ишлаб чиқилди.
Реабилитация – бу асоссиз жиноий таъқибга учраган шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашдир. Бироқ, реабилитация этилган шахсларга етказилган зиённи қоплаш ва уларнинг бошқа ҳуқуқларини тиклашда нафақат судларда, балки бу масалага доир мутасадди идораларда ҳам йиллар давомида тушунмовчиликлар юзага келаётгани сабабли “Реабилитация этилган шахсга етказилган зиённи қоплаш ва унинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги янги пленум қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда илк бор айнан кимлар реабилитация қилинган шахс, деб ҳисобланиши, қайси ҳолларда етказилган мулкий зиёнлар тўла ҳажмда қопланиши ва бошқа муҳим тушунтиришлар бериб ўтилган.
Интеллектуал мулкни рағбатлантиришга доир нормалар Асосий қонунимиздан ўрин олган. Интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини таъминлаш билан бирга уларни самарали ҳимоя қилиш механизмларини йўлга қўйиш ва амалга ошириш ҳамда бу йўналишдаги амалиётни такомиллаштириш давр талабидир. Шу мақсадда судлар томонидан бу борадаги даъво аризалари, ариза ва шикоятларни кўриб чиқишда турлича ёндашувларнинг олдини олиш ва суд амалиётини бирхиллаштириш зарурати мавжуд. Шу сабабли Олий суд пленумининг “Интеллектуaл мулккa оид ишлaрни кўриб чиқишнинг aйрим мaсaлaлaри тўғрисидa”ги қарори ишлаб чиқилди.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан иштирокчиларнинг фикр - мулоҳазалари тингланди. Кун тартибига киритилган пленум қарорларининг долзарблиги инобатга олиниб, барчаси мажлис қарори билан тасдиқланди. Қабул қилинган пленум қарорлари учраётган муаммоли масалалар бартараф этилиши ва ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА