Олий лига баҳслари қизғин паллада
Пойтахтимизда шахмат бўйича Олий лигада дона сураётган эркаклар ва аёллар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Соврин жамғармаси 75 минг АҚШ доллари бўлган чемпионатда 14 та тур ўйини бўлиб ўтди. Аёллар баҳсида Умида Омонова 11,5 очко билан якка пешқадамга айланган. Афруза Ҳамдамова эса 11 очко тўплаб жадвалда иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Маржона Маликова 10 очко билан кучли учликдан жой олди.
Эркаклар ўртасида кечаётган баҳсларда эса Жавоҳир Синдаров 11,5 очко билан етакчилик қилмоқда. Унинг ортидан Алмас Раҳматуллаев 11 очко, Ортиқ Ниғматов ва Нодирбек Ёқуббоев бир хил 10,5 очко билан бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Олий лига баҳслари 1 майга қадар давом этади ва бугун, 27 апрель куни мусобақанинг 15-16 турлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА