Олис туманда Вазирлик қабули ўтказилди
Жиззах вилоятининг Фориш туманида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот руҳида кечган учрашувда соҳа ходимлари ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларда кўтарилган масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Сайёр қабулнинг аҳамияти шундаки, унда мурожаатлар шунчаки қайд этилиб қолмасдан, ҳар бир масалага унинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ёндашилди. Айрим мурожаатлар жойида ва қисқа муддатларда ижобий ҳал этилган бўлса, муайян масалалар бўйича соҳа мутахассислари томонидан тегишли ҳуқуқий ва меъёрий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганиш ва муайян вақт талаб этадиган мурожаатлар эса масъулларга бириктирилиб, алоҳида назоратга олинди.


Бундай мулоқотлар аҳоли билан очиқ ва тўғридан-тўғри ишлаш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда уларнинг амалий ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мурожаат ортида инсоннинг манфаати, унинг фарзанди таълими, меҳнати ёки келажакка доир умиди турганини ҳис этиш масъулиятни янада оширади.
Сайёр қабул доирасида яна бир эзгу ташаббусга ҳам эътибор қаратилди. Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган воқеада мардлиги ва жасорати билан кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган Фориш туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳзод Ўткиров алоҳида тақдирланди. У ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлсада, кичик синф ўқувчиси ҳаётини сақлаб қолган эди. Шаҳзоднинг ибратли ҳаракати ёш авлод ўртасида жасорат, ҳушёрлик ва бир-бирига бефарқ бўлмаслик каби фазилатларнинг нечоғлик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.


Шаҳзод Ўткировга Вазирлик томонидан ташаккурнома ҳамда замонавий ноутбук топширилди. Бу эътироф нафақат бир ўқувчининг муносиб ҳаракатига берилган баҳо, балки ёшларни эзгу ишларга руҳлантиришга қаратилган эътиборнинг ҳам амалий ифодаси бўлди.
Шу билан бирга, ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг билим олишга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш мақсадида Фориш туманидаги 1-сонли умумтаълим мактаби кутубхонаси фонди учун бой китоблар жамланмаси совға қилинди. Зеро, маънавият ва билимга ошно этилган авлодгина жамият тараққиётининг ишончли таянчи бўла олади.


Форишдаги сайёр қабул мисолида мурожаатни эшитиш билан бирга, унинг ечимига масъулият билан ёндашиш, ибратли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва таълим муассасаларининг маънавий-маърифий имкониятларини кенгайтириш каби вазифалар ўзаро уйғун эканини кўриш мумкин. Бу йўналишдаги тизимли ишлар эса изчил давом этмоқда.

Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири