Олис қишлоқда замонавий боғча бунёд этилди
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Ҳисорак қишлоғи марказдан олтмиш километр узоқда жойлашган. Яқинда бу қишлоқда замонавий мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Шу пайтгача қишлоқда болалар боғчаси йўқ эди. Янги муассаса қурилишига қарийб 7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 180 ўринли замонавий давлат мактабгача таълим ташкилоти бунёд этилди. Зарур жиҳозлар билан таъминланган масканда кичкинтойларга инглиз ва рус тиллари, мусиқа ва расм чизиш ўргатилади.



– Бугун юртимизнинг ҳар гўшасидаги бунёдкорлик ишларини кўриб, кўзингиз қувонади, – дейди Ҳисорак маҳалласи фаоли Салима Шукурова. – Эътиборли жиҳати, чекка ҳудудларда жойлашган аҳоли яшаш масканларида ҳам замонавий иншоотлар қад ростламоқда. Қишлоқда асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланамиз. Шу пайтгача қишлоғимизда болаларимиз учун боғча йўқ эди. Бу ишловчи аёлларга бир оз қийинчилик туғдирарди.



Сўнгги икки йилда худди шундай замонавий боғчалар Шаҳрисабзнинг тоғли Ғелон, Сарчашма ва Кўл қишлоқларида ҳам барпо этилди. “Шакартери”, “Ширамон”, “Чуқун”, “Aбзият”, “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинларида эса замонавий давлат боғчалари қурилиши бошланган.


Ў.Aлимов, ЎзA