Олис қишлоқда ёшлар фестивали
Қашқадарё вилояти Миришкор туманининг олис ҳудуди Авазчўл қишлоғида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Фестивал доирасида қишлоқда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари учун кун давомида бир қатор мақсадли лойиҳалар, спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Фестиваль дастлаб оркестр садолари остида “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” акцияси билан бошланди. Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи ёшлар ҳамда барча аҳоли вакиллари иштирокида арқон тортиш, волейбол, футбол, камондан ўқ отиш, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Ҳашар биз ёшларга ярашар” эколойиҳаси бўлиб ўтди.
Мусобақаларда иштирок этиб ғолиб бўлган бир гуруҳ ёшлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Фестивал давомида мусиқий кеча ҳам ташкил этилиб, аҳолига хуш кайфият улашилди.
Таъкидлаш лозимки, олис ҳудудларда ёшлар фестивалини ўтказиш ташаббуси Қашқадарё вилояти ҳокими М.Азимов томонидан Шаҳрисабз туманидаги олис тоғли қишлоқ Сарчашмада бўлиб ўтган сайёр қабул давомида илгари сурилганди.
[gallery-18357]
Мазкур ташаббусга кўра, Шаҳрисабз тумани, Сарчашма маҳалласида “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар фестивали ташкил этилди ва эндиликда бу каби фестиваллар барча олис ҳудудларда ўтказилиши режалаштирилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари