Олис қишлоқда сайёр қабул ўтказилди
Жиззах вилояти прокурори вазифасини бажарувчи Алишер Шамсиев Бахмал тумани 2-сектор ҳудудига кирувчи “Қутлуғобод” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ва ёшлар билан учрашув ўтказди.
Сайёр қабулда 2-сектор ҳудудидаги маҳаллаларнинг ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолиятини янада жаддаллаштириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳақида сўз борди.

Қабулда 42 нафар фуқародан турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушди. Шундан 21 та мурожаат жойида қаноатлантирилган бўлса, қолганлари юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Сўнг Алишер Шамсиев маҳалла ёшлари билан учрашиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади. Тадбирда иштирок этган Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчисига ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Қабулда 1 нафар “Ёшлар дафтари”да турган фуқарога кредит маблағлари ҳисобидан мотороллер, “Аёллар дафтари”да турувчи 8 нафар хотин-қизга субсидия асосида тикув машиналари ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларнинг 10 нафар фарзандига сафарбарлик чақируви тўлови амалга оширилганлиги тўғрисида сертификатлар топширилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА