Олис қишлоқ аҳолисига қулайлик
Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Бекобод қишлоғида яшовчи аҳоли асосан деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланади.
Аҳоли шу пайтгача давлат хизматларидан фойдаланиш учун туман марказига қатнар эди. Бу аҳолига бир қатор ноқулайликлар туғдирарди.
“Бекобод” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Янгиқўрғон тумани давлат хизматлари марказининг “Бекобод” филиали очилгани бу қийинчиликларни бартараф этди.

Ушбу филиал Янгиқўрғондаги Бўстон, Гулистон, Соҳил, Нуралиобод, Боғистон ва Чортоқ туманидаги Алихон, Арбағиш, Бозорбоши, Созсой, Тўпқайрағоч маҳаллаларида истиқомат қилувчи 21 мингдан зиёд аҳолига давлат хизматларини кўрсатади. Мўъжазгина бино очилишида сўз олган қишлоқ аҳли ДХМ хизматларидан ўз ҳудудида фойдаланиш имконияти туғилганидан беҳад мамнунлигини таъкидлади.
– 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида маориф тизимида фаолият олиб бораман. Сўнгги беш йил ичида рақамли технология ривожланиши кўплаб инсонларни югур-югурлардан халос этди. Давлат хизматлари марказлари, шунингдек, ФҲДЁ бўлимларида хизмат кўрсатиш сифатига ҳам шу ахборот коммуникация ривожланиши ва агентлик тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб ҳозирда фуқаролар сарсон бўлишига чек қўйилди, – дейди 60-умумтаълим мактаби директори Носиржон Жўрабоев. – Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган янги тизим ўзини том маънода оқлади. Бундан беш-ўн йил илгари давлат идоралари маҳаллангизга бориб, бизга нима хизмат, дея қўлини кўксига қўйиб хизмат кўрсатади деса, ҳеч ким ишонмасди. Шукурким, инсон қадри юксак улуғланадиган шу кунларга ҳам етиб келдик. Янги филиал аҳолининг яхши кунларига хизмат қилишига ишончим комил.
Айтганча, чекка қишлоқда Давлат хизматлари марказининг филиали очилишидан хабардор бўлган катта-ю кичик хизматдан фойдалангани келди. Филиалнинг илк иш куни фаолияти давомида давлат хизматлари бўйича мурожаат қилган бекободлик 10 нафар фуқаронинг узоғи яқин бўлди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА