Олис қишлоқ аҳолиси ҳаётидаги ўзгаришлар
Халқнинг турмушини фаровон, яшаётган ҳудудини обод қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар жойларда ўзининг ижобий самарасини бермоқда ва одамларнинг қалбида шукроналик, мамнунлик туйғуларини шакллантирмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида марказдан анчагина олисда жойлашган Оқ Олтин қишлоғи ҳам мана шундай эзгу ислоҳотлар натижасида ҳудуднинг энг кўркам гўшаларидан бирига айланди. Очиғини айтиш керак, бундан бир йил олдин қишлоққа борган киши унинг бугунги қиёфасини кўриб танимаслиги рост.
Боиси тартибсиз кўчалар ёзда бир қарич тупроқ, ёғин-сочинли кунларда лой. Ўқувчилар таълим оладиган мактаб хароба аҳволда, қишда совуқ. Маҳалла идорасининг маъмурий биноси эса умуман йўқ эди. Кучланиш паст бўлгани боис электр таъминотида ҳам тез-тез узилишлар бўлиши одамларни йил сайин қайғуга соларди. Хуллас ҳеч бир йўналишда айтишга арзигулик ўзгаришлар йўқ эди.
Бугунчи? Фотомухбир билан биргаликда қишлоққа кириб борар эканмиз асфалть қопланган равон йўл бошланди. Йўл бўйлаб ёритиш чироқлари ўрнатилган. Ҳатто икки томонида биз баъзи туман марказларида ҳам учратмайдиган махсус пиёдалар йўлакчаси қурилган. Биринчи бўлиб йўл ёқасида қад ростлаган замонавий мактаб биноси олдида тўхтадик.
– Мактабимиз янгитдан қуриб берилди, – дейди 192-мактаб ўқитувчиси Тоштемир Бекжонов. – Унинг илгариги ҳолатини ҳозир сизга тасвирлаб берсам, рости ишонмайсиз. Олдин ушбу мактаб 70-мактабнинг филиали сифатида фаолият юритиб, деворлари пахсадан бўлиб, шароитлари умуман қониқарсиз эди. Шунинг учун кўпчилик ўқувчилар 5-6 километр қатнаб бошқа мактабга ўқишарди. 176 ўринли замонавий бино қуриб берилгач, янги мактаб сифатида фаолият бошлади.
Мазкур таълим муассасаси инвестиция дастури асосида тумандаги “Баҳор қурилиш инвест” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллиард 450 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган бўлиб, у ерда ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, фанлар бўйича жиҳозланган хоналар, турли адабиётларга тўла кутубхона, сунъий қопламали мини стадион ўқувчилар ихтиёрида.
Қишлоқда қурилган муҳташам маҳалла марказининг фойдаланишга топширилиши оқ олтинликлар учун кутилмаган совға бўлди. Ушбу марказда маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва ўринбосарлари, профилактика инспектори учун алоҳида жиҳозланган хоналар ажратилган. Бундан ташқари марказда қишлоқ аҳолисининг ишсиз қатламининг бандлигини таъминлаш мақсадида тикувчилик цехи, аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, кутубхона ҳам жой олган.
Шу қишлоқлик Наргиза Ирзаева ёшлигидан аёллар сартароши бўлишга қизиқади. Қизиқишлари туфайли туман марказида тажрибали устозлардан касб сирларини ўрганди. Қишлоққа қайтгач эса гўзаллик салони очмоқчи бўлди, аммо бунга имкони етмади. Шундан сўнг қишлоқ хотин-қизларига уйида хизмат кўрсата бошлади. Мақсадини руёбга чиқариш учун маҳаллада тузилган “Аёллар дафтари” га рўйхатга кирди. Марказда аёллар сартарошхонасининг очилгани Наргиза учун янги имкониятлар эшигини очди.
[gallery-4231]
– Шу кунга қадар қишлоғимизда гўзаллик салони бўлмаган, – дейди Наргиза Ирзаева. – Ушбу маҳалла марказида етарлича шарт-шароитларга эга бўлган гўзаллик салони қуриб берилгани қишлоғимиз аёлларини ҳам мамнун қилди. Энди улар ҳам гўзаллик салони хизматидан исталган пайтда фойдаланади. Туман марказига бориб келишга ҳожат қолмайди. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Шу мақсадда тижорат банкларидан 10 миллион сўм кредит олдим. Ушбу маблағга қўшимча салон жиҳозлари харид қиламан. Салонимизда ҳамма шароитлар мавжуд. Энг муҳими иссиқ ва совуқ сув бор.
Марказда фаолият бошлаган гўзаллик салони ҳам қишлоқда чевар аёллар учун фойдали бўлди. Ҳозирда уни шу қишлоқлик Дилфуза Эрдонова юритмоқда. Давлат томонидан бепул қуриб берилган цехда 11 та тикув машинаси бор. Бу ташаббус ортидан оқ олтинлик “Аёллар дафтари”га кирган 12 нафар хотин қиз иш билан банд бўлди. Айни пайтда улар буюртмага қараб кийим-кечак тикмоқда. Oct 11 6:35 PM Oct 11 6:35 PMМарказдан жой олган мўъжаз кутубхона эса қишлоқ ёшларининг маънавий савияси ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Кутубхонада минглаб ўзбек ва жаҳон адабиётлари жамланган. Шу ерда ўқиб фойдаланиши учун шинамгина ўқув зали ҳам мавжуд.
Ёшларни спортга жалб этиш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун шундоққина маҳалла маркази ёнида сунъий қопламали мини стадион бунёд этилди. Бугун ана шу ишлардан қишлоқ аҳли жуда хурсанд.
Ушбу бунёдкорлик ишлари доирасида марказ ёнида туман тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли тез тиббий ёрдам таян пункти учун ҳам замонавий бино қуриб берилди.
– Қишлоғимиз қиёфасининг бу даража ўзгариб кетишини тасаввур ҳам қила олмагандим, – дейди маҳалла раиси Тўлабой Усанов. – Маҳалламизда 3 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Тартибсиз кўчаларимиз тартибга келтирилди. 2,5 километр йўл асфалть қилиб берилди. Кўчаларга ёритиш мосламалари ўрнатилди. 2,5 километр пиёдалар йўлакчаси қурилди. Ишонасизми, 100 дан зиёд хонадонга аристон ўрнатилиб, иссиқ ва совуқ сув чиқарилиб, ювиниш хоналари қуриб берилди.
Истеъмол кредити ажратилиб, ошхона жиҳозлари, музлаткичлар олиб келинди. Кўплаб уй-жойлар таъмирлаб берилди. Давлат ҳисобидан бепул маҳалла маркази қурилди. Ундан фойдаланувчи тадбиркорлар фақатгина ишлатган электр энергиясига ҳақ тўлаяпти. Бир сўз билан айтганда қишлоғимиз аҳолисининг турмуш маданияти тубдан ўзгарди. Хонадонларда шаҳардан кам бўлмаган шароитлар яратилди. Мана шу ишларнинг ҳаммаси икки-уч ой ичида амалга ошди.
Бунёдкорлик ишлари доирасида қишлоқ аҳолисининг энг катта муаммоларидан бири бўлган ичимлик суви, йўл, электр энергияси билан боғлиқ бирламчи ҳаётий масалалари ҳал этилди.
Маҳаллада олиб борилган бунёдкорлик ишларини таҳлил қиладиган бўлсак, Оқ Олтин қишлоғида 615 та аҳоли уй-жойлари ва 2 минг 320 та қўшимча бинолари таъмирланди, 116 та хонадонда ювиниш хонаси ташкил қилиниб, тўлиқ жиҳозлаб берилди. Йўл бўйлаб 1 минг 400 та манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди, 10 километр ички йўлларга шағал тўшалди. 2,5 километр пиёдалар йўлакчаси ва тунги ёритиш кўча чироқлари ўрнатилди. Электр таъминотини яхшилаш бўйича 4 дона трансфарматор таъмирланди ва 1 дона янги трансфарматор ҳамда 57 дона электр темир-бетон устунлари ўрнатилди.
Оқ Олтин қишлоғида юз берган ўзгаришлар билан танишар эканмиз қош қорайганини ҳам сезмай қолибмиз. Текис ва ровон йўллардан қайтар эканмиз тунги ёритиш чироқларининг чароғонлигини кўриб кўзимиз қувнади. Албатта ҳукуматимиз томонидан олис қишлоқ массивларини ободонлаштириш, у ерда яшовчи одамлар ҳаётини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар шу ерларгача етиб келган экан, ҳали Оқ Олтин каби кўплаб манзиллар бу каби эзгу ташаббуслар доирасида гуллаб яшнайди. Обод манзилларга айланади.
Ёзганларимиз эртак эмас. Олис бир қишлоқдаги оддий инсонлар ҳаётида юз берган ўзгаришлардир. Бунга шубҳа қилсангиз сиз Оқ Олтин қишлоғига бир келиб кетинг.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА