Олис кончилар масканида байрам шодиёнаси
Навоий вилояти Учқудуқ шаҳри марказидаги “Лочин” ўйингоҳида мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрамона безатилган майдонда йиғилганларни Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қ.Санақулов энг улуғ, энг азиз байрам билан табриклади.

Дарҳақиқат, бугун мустақиллик туфайли барча соҳаларда муваффақиятларга эришилмоқда, аҳоли манзиллари кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Бундай ўзгаришларни кончилар маскани бўлган Учқудуқ шаҳри ва Шимолий кон бошқармаси жамоаси ҳаётида ҳам яққол кўриш мумкин. Сўнгги беш йилда чекка ва олис ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгарди.

Комбинат томонидан 3-гидрометаллургия заводида замонавий технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш мажмуаси, Учқудуқ шаҳрида “Олтинкўл” дам олиш маскани, мусиқали фаввора, “Келажак” ёшлар маркази, ишчи-хизматчилар учун ётоқхоналар барпо этилгани, “Кончи” сиҳатгоҳи реконструкция қилиниб, энг замонавий тиббиёт учун керак бўладиган шароитларнинг яратилганлиги нафақат кончилар, балки учқудуқликларга муносиб туҳфа бўлди.

Қизилқумнинг оғир иқлим шароитида кунни кун, тунни тун демай, бутун масъулиятни зиммасига олиб, фидойилик намунасини кўрсатаётган, мамлакат иқтисодиётга ўзиниг ҳиссасини қўшаётган минглаб учқудуқликларнинг меҳнатини ҳақиқий қаҳрамонлик, деса бўлади. Шунга яраша шарафли касб эгалари меҳнати ҳам қадр топмоқда. Ютуқлари муносиб эътироф этилмоқда.
Байрам тантанасида бир гуруҳ соҳа илғорлари тантанали тақдирланди.
Санъаткорлар ва бадиий жамоаларнинг чиқишлари, ўйин-кулгулар жозибаси, айниқса, кабутарларнинг осмонга учирилиши ва мушакбозлик тадбир иштирокчиларига ўзгача завқ улашди.
НКМК матбуот маркази