Учқудуқ тумани Навоий вилоятининг энг олис ва чекка ҳудуди бўлиб, вилоят марказидан қарийб 320 км узоқликда жойлашган.
Туманда истиқомат қилувчи аҳоли асосан суюлтирилган газдан фойдаланиб келади. Бу ердаги жами 9830 та истеъмолчининг 6850 тасига гольдер орқали, 2980 тасига эса маиший газ баллонлар орқали суюлтирилган газ етказиб берилади.
Туман чўл ҳудудида жойлашгани, аҳоли пунктларининг тарқоқ ва бир-биридан узоқда жойлашгани боис ёзнинг жазирамаси, қишнинг қорли ва қировли кунларида газ баллон етказиш осон эмас. Шунга қарамай, туман газ таъминоти идораси ходимлари томонидан маиший газ баллонлар ҳар 35-40 кунда етказиб берилмоқда.
– Туман бўйича 11 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинига суюлтирилган газ етказиб берамиз, – дейди “Учқудуқтумангаз” газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Шаҳбоз Тошмуродов. – Ўтган август ойида истеъмолчиларга қарийб 34,7 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Бир кунда 2-2,5 тоннагача суюлтирилган газ етказиб беришни йўлга қўйганмиз.

Тумандаги Дўстлик маҳалласида 1135 та суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, уларга маиший газ баллонларда суюлтирилган газ етказилади.
– Суюлтирилган газ етказиб берилишида узилиш бўлгани йўқ, – дейди мазкур маҳаллада яшовчи фуқаролардан бири Замира Шарипова. – Энг чекка ҳудудлардан бирида яшаймиз, лекин ҳозирча ҳар доим уйимизда чой қайнамоқда, овқатимиз тайёр. Бунинг учун, албатта, газчиларга раҳмат. Ҳар қандай об-ҳавода ҳам бизни ўйлаб, вақтида маиший газ баллонларни етказиб бермоқда.
Газ идораси ходимлари томонидан истеъмолчиларга газ баллон тарқатилиши билан бирга ундан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш юзасидан ҳам зарур эслатмалар берилмоқда. Хавфсизлик қоидалари тушунтириб ўтилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири